19.05.2023. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)нинг Қорақалпоғистон филиалида тез ёрдам бўлими фельдшери А.Успанов ва яна бир неча ходим кечки сменада ишлаган вақти учун 1,25 баробар иш хақи тўланмаётганлиги ва бу борада амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ҳодимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашига мурожаат қилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ҳодимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан мазкур мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар жараёнида Тармоқ келишувининг 4.16-банди (2023 йил 2 май санасига қадар амалда бўлган тартибга кўра соат 18.00 дан 22.00 гача бўлган иш вақти кечки иш вақти деб белгиланган эди) ҳамда филиал жамоа шартномасининг 5.6-банди талаблари бўйича кечки сменада ишлаган вақтнинг ҳар бир соатига 1,25 баравар иш хақи тўланиши белгиланган бўлса-да, юқорида келтирилган ходимларга 2021-2022 йиллар учун мазкур устама тўланмаганлиги аниқланди.
Шундан сўнг кечки сменада ишлаган барча ҳодимларга иш ҳақини ундириб бериш мақсадида 2023 йилнинг 11 январь куни тармоқ касаба уюшмаси меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан РШТЁИМ Қорақалпоғистон филиалига ёзма равишда кўрсатма киритилди. Олиб борилган музокаралар натижасида мурожаатда кўрсатилган масалалар ижобий хал этилиб, 593 нафар ҳодимга жами 476 миллион 792 минг сўм иш ҳақи қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тўлаб берилишига эришилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати