05.06.2023. Фарғона вилоятидаги “Риштон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан 2023 йил ёз мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларини юқори савияда ўтказиш масаласига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг Фарғона вилоят кенгаши, Риштон тумани ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармалари вакиллари, вилоятдаги оромгоҳлар раҳбарлари, педагогик ва техник ходимлар иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, дислокацияга кўра 2023 йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумида вилоятда 17 та стационар турдаги оромгоҳда 11 минг 40 нафар, 121 та кундузги дам олиш масканида 21 минг 40 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган. Бугунги кунда барча оромгоҳлар болажонларни қабул қилиб олиш учун шай ҳолатда.
– Фарғона вилоятидаги 8 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш департаменти тасарруфига ўтказилиб, мазкур оромгоҳларни жорий йилги мавсумга тайёрлаш ишлари юқори уюшқоқликда амалга оширилди, – деди департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Раҳимов. – Оромгоҳлар ошхона, кутубхона, ётоқхона ва тиббиёт хонаси жиҳозлари, спорт инвентарлари, компьютер жамланмалари, телевизорлар, овоз кучайтиргичлар, генератор каби бир қатор зарурий воситалар билан таъминланди.
Семинар ташкил этилган “Риштон” оромгоҳида ҳам болаларнинг мазмуни дам олишларини сифатли ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида амалий ишлар олиб борилди. Оромгоҳ ҳудудида сув таъминоти тақчиллиги бартараф этилиб, сув чиқарилди ва сув минораси ўрнатилди.
Жорий йилда болалар билан ишлашни янада такомиллаштириш мақсадида халқ таълими, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармалари касаба уюшмалари билан ҳамкорликда оромгоҳларда тарбиявий ишларни кучайтирган ҳолда “Заковатли болалар”, спорт, туристик, экологик, техника ижодиёти, ўлкашунослик, моҳир қўллар сингари йўналишлар бўйича 30 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.
Семинар давомида оромгоҳлардаги чўмилиш ҳавзаларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, санитария меъёрларига амал қилиш, тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бошқа бир қатор мавзуларда оромгоҳ ходимларига тегишли тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида кўргазмали-амалий тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати