14.06.2023. Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан ҳар йили 12 июнь куни “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” сифатида нишонланади. Ҳар йили сана муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида тадбирлар ташкил қилинмоқда. Тошкент вилоятидаги “Угам” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилган тадбир ҳам айни мавзуга бағишланди.
“Барча учун ижтимоий адолат. Болалар меҳнатига чек қўяйлик!”. Бу йилги тадбирлар айни шиор остида ташкиллаштирилмоқда. Турли тақдимотлар, мусобақалар, билимлар беллашуви, таниқли инсонлар билан учрашувлар ва албатта гўзал куй-қўшиқлар. Ана шундай ранг-баранг ва қизиқарли байрам дастури болажонларга қувонч улашди. Айтилганидек, болалар меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистонда олиб борилган амалий ишлар натижасида бугунги кунда тизимли равишда болалар меҳнатидан фойдаланишга бутунлай барҳам берилди.
Тадбирда Федерация ходимлари томонидан болаларга мазкур куннинг аҳамиятини тушунтириш юзасидан тақдимотлар қилинди, таниқли спорт усталари билан мулоқотлар ўтказилди. Учрашув нафақат болаларда балки спортчиларда ҳам катта таассурот қолдирди.
Дам олувчи болалар ўз қизиқишларига кўра, расм чизиш, шахмат, шашка, стол тенниси, ҳунармандчилик бўйича танловларда қатнашдилар.
Якунда ҳар бир йўналиш бўйича танлов ғолиблари аниқланиб, улар касаба уюшмасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Болажонларга хақиқий байрамона қайфият улашилди. Шунингдек, тадбир якунида болаларга Қўғирчоқ театрининг спектакли намойиш қилинди.