14.07.2023. 2014 йилдан буён «Трастбанк»нинг Наманган филиалида ишлаб келган Гулнора Казакованинг ҳомиладорлиги, ёлғиз аёллиги ҳам инобатга олинмай, иш берувчининг ташаббуси билан вазифасидан озод қилинди.
Ишдан бўшаш тўғрисидаги буйруққа эса Г.Казакова билан тузилган меҳнат шартномаси «ходимнинг хоҳиши билан бекор қилинсин», деган жумла тиркалган.
Банк ходимаси, аризани ўз ташаббусига кўра ёзмаганини, иш жараёнида камчиликка йўл қўйгани сабабли унга берилган ҳайфсанга имзо чекканини билишинигина таъкидлайди.
– Ушбу ҳолат бўйича ўрганишларда иш берувчи ходимга босим ўтказгани гувоҳлар томонидан тасдиқланди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгаши меҳнатҳуқуқ инспектори Баҳром Раҳимбердиев. – «Аризасини ёзмаса, ҳеч қаерга ишга олмайдиган қилиб қўйиш» билан пўписа қилган бошлиқни ходимнинг оилавий шароити, ҳомиладорлиги ҳам қизиқтирмаган. Қонунчиликда ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинган меҳнат шартномаси икки ҳафталик муддат давомида у аризасини қайтариб олса, ўз вазифасини давом эттириши мумкинлиги қайд этилган. Шунингдек, бу ўринда Меҳнат кодекси талаби ҳам иш берувчи томонидан бузилган.
Маълум бўлишича, раҳбарнинг ходимга «Аризангни ёз» дейишига ўтган йил октябрь ойида у иш жараёнида мижозга хизмат кўрсатишда камчиликка йўл қўйгани сабаб бўлган. Бироқ банкка нисбатан ёки мижозга нисбатан ҳеч қандай зарар етказилмаган, бундан ташқари, Гулнора Казакова айнан ўша даврда ҳомиладор бўлган. Шу ҳолатлар инобатга олиниб, уни ишга тиклаш тўғрисида хулоса берилди.
Шундай қилиб, банк ходимаси ишга тикланди.
Орзугул Рустамова