[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.07.2023. “Eltuz portali” телеграм каналида Бухоро шаҳридаги “Хумо” болалар соғломлаштириш оромгоҳида оромгоҳ ҳудудига бегона кишилар қўйилмаётгани, деразаларга сетка тутилмагани, йўлланма учун 1 миллион 100 минг сўмдан пул тўлангани тўғрисида жойлаштирилган постда келтирилган ҳолатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши мутасаддилари томонидан бир қатор масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида ўрганиб чиқилиб, ўрганиш натижалари тўғрисида Интернет тармоқдаги “Telegraph” веб-сайти орқали 2023 йилнинг 7 июль куни расмий муносабат эълон қилинган. (https://telegra.ph/Oromgohda-bolalarimizni-zonada-saqlagandek-muomulada-bolyapti-nomi-ostida-chop-ehtilgan-ma%D2%9Bolaga-RASMIJ-MUNOSABAT-07-10).

Хусусан, “eltuz portali” Телеграм каналига жойлаштирилган постда кўрсатилган камчилик ва муаммоларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш, камчиликлар мавжуд бўлса уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида оромгоҳлар бўйича вилоят штаби, вилоят ва Бухоро шаҳар санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари, республика ишчи гуруҳи аъзосидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилиб, “Хумо” оромгоҳи фаолияти ва ушбу масканда болалар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнларида Телеграм каналидаги танқидий постда билдирилган фикр ва мулоҳазалар бўйича қуйидагилар аниқланди:

– Аввало, пост муаллифининг “… бу оромгоҳни ўзининг қонун қоидаси бор, ўзлари ясаб олган. Ичкарига киритишга қўймайди…”  дея билдирган эътирозига нисбатан шуни маълум қиламизки, ҳақиқатдан ҳам нафақат Бухородаги “Хумо” болалар соғломаштириш оромгоҳи, балки барча болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳудудига болаларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш, мақсадида бегона кишилар, шу жумладан, ота-оналар ҳам киритилмайди. Чунки, ҳар бир оромгоҳнинг ички тартиб қоидалари мавжуд ва улар постда келтирилганидек “ясаб олинган” эмас, балки тегишли меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган. Оромгоҳларда ўз фарзандларини кўргани келган ота-оналар учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, бунинг учун махсус жойлар ажратилган. Хусусан, “Хумо” оромгоҳида ота-оналарнинг фарзандларини кўриб, суҳбат қуришлари учун оромгоҳ кириш дарвозаси олдида суҳбат айвончаси ташкил этилган.

– танқидий пост муаллифининг “дераза сеткаси ҳам йўқ эмиш” дея тусмолона келтирилган эътирози ўринсиз эканлиги маълум бўлди, чунки, ўрганилганда оромгоҳ ётоқхона ва ошхона биноларининг барча деразаларига сеткалар ўрнатилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, оромгоҳ ҳудуди болалар қабул қилинишидан аввал тўлиқ дезинфекция қилингани ва ҳар куни пашшаларга қарши зарарсизлантирувчи суюклик сепилиши маълум бўлди, бу ҳақда Бухоро шаҳридаги “Фахриддин Фарид  омад” МЧЖ дезинфекция бўлими маълумотномаси ҳам мавжуд.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида қўшимча равишда оромгоҳ ошхонасидаги болалар овқатланадиган залга чивинларга қарши воситалар қўйилди.

– танқидий пост муаллифи оромгоҳда болаларга берилаётган овқатлар тўғрисида ҳам асоссиз танқид қилиб, “…бераётган овқатини билмадим, … юқоридаги шароитдан келиб чиқадиган бўлсак хулоса қилиш мумкин овқатнинг аҳволини” дея билдирган эътирози бўйича шуни билдирамизки, “Хумо” оромгоҳида вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан тавсия этилган ва тасдиқланган намунавий таомномага асосан болаларни 5 маҳал овқатлантириш йўлга қўйилган.

– Оромгоҳ йўлланмаси нархи хусусида шуни айтиш мумкинки, йўлланманинг нархи ҳақиқатдан ҳам 1 млн 100 минг сўмни ташкил этади. Аммо, бирорта оромгоҳ йўлланмаси ота-оналарга бу нархда сотилмаган, яъни ота-оналар томонидан фақатгина ота-оналар бадали – 220 минг сўм тўланган холос.

Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан оромгоҳдаги барча болалар билан суҳбат ўтказилганда оромгоҳдаги маъмурият биносида мавжуд телефондан болалар хохлаган пайтда ота-онасига қўнғироқ қилишлари учун имконияти борлиги, оромгоҳ ошхонасида тайёрланаётган таомлар уларга манзур бўлаётгани, етакчи ва тарбиячиларга ҳеч кандай эътироз йўқлиги тўғрисидаги жавоблар олинди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, танқидий пост муллифи томонидан билдирилган эътирозлар, хусусан, деразаларда сеткалар ўрнатилмагани, болалар билан телефон орқали алоқа қилиш имконияти йўқлиги, 1 млн. 100 минг сўм тўлов қилиб, йўлланма сотиб олингани ўз тасдиғини топмади.

Шундай бўлсада оромгоҳнинг педагогик ва техник ходимлари жамоаси билан учрашилиб, ўз ишларига бўлган масъулиятларини янада оширишлари зарурлиги тўғрисида танқидий-таҳлилий суҳбат ўтказилди ва қайтадан йўриқ ҳамда тавсиялар берилди.  

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати