21.07.2023. Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган ёш авлодга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Ёшларнинг билим ва иқтидори, ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш билан бир қаторда, уларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш ҳам замонавий талабларга мос равишда амалга оширилмоқда.
Хусусан, соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этиладиган болаларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, бу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва ривожлантириш долзарб масалалар сирасидандир. Зеро, ёзги таътил болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, табиатдан баҳра олиш учун ғоят қулай фурсат саналади.
Бугун ёзги таътил чоғида меҳнат жамоалари ходимлари фарзандларига оромгоҳларга йўлланма бериш яхши анъанага айланган.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамда тизимдаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари ана шундай хайрли ишни йўлга қўйган.
Акциядорлик жамияти ташаббуси билан ёзги таътил давомида тизимда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг жами 2 минг фарзанди соғломлаштирилиши режалаштирилган.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бирлашган касаба уюшма қўмитаси берган маълумотларга кўра, таътил бошланиши билан ходимлар фарзандлари ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбат билан юборилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидан 61, Навоий вилоятидан 85, Сирдарё вилоятидан 270, Қашқадарё вилоятидан 600 дан ортиқ бола мамлакатимизнинг сўлим ҳудудларидаги оромгоҳларда дам олиб қайтган.
Куни кеча Қашқадарё вилоятидаги “Муборак” ИЭМ ишчи-ходимларининг 30 нафар фарзанди Тошкент темир йўл вокзалидан Солиқ қўмитаси тасарруфидаги “Ғазалкент” болалар соғломлаштириш марказига кузатиб қўйилди.
Бу ерда болаларни жисмонан чиниқтириш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш учун барча шароит яратилган.
Оромгоҳда спорт мусобақалари, турли викториналар, танловлар ҳамда бошқа қатор маданий-маърифий тадбирлар уюштирилади.
— Болалар таътилни қанчалик мазмунли ўтказса, бу уларнинг янги чоракдаги фаоллигига, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштиришига хизмат қилади, — дейди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Анваржон Рустамов. — Бунинг учун қатор маданий-маърифий тадбирлар билан бирга, турли спорт мусобақалари ўтказиш ҳам яхши анъанага айланган. Мусобақалар, энг аввало, ўғил-қизларимизни соғлом турмуш тарзига риоя этишга чорлайди. Қолаверса, жисмоний тарбияга ошно бўлган ўқувчининг иродаси мустаҳкам, руҳи тетик, юраги бақувват бўлади.
Бир сўз билан айтганда, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ўқувчи ёшларни маънан баркамол, етук инсон қилиб тарбиялаш учун зарур шароитлар муҳайё. Дам олиш давомида болажонлар миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни тарғиб қилувчи тадбирларда иштирок этади. Махсус дастур асосида ўқувлар, спорт мусобақалари ташкил этилади. Болаларнинг соғлом овқатланиш рационига қатъий амал қилинади.