24.07.2023. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798-сонли Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 1 ноябрда Бош вазирнинг 02/1-2798-coн топшириғи билан Тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Педагоглар меҳнат таътили бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликлар билан келишилгач, Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясига тақдим этилди.
Натижада, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сонли қарори билан тасдиқланган “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари”га мувофиқ педагог ходимлар учун узайтирилган йиллик меҳнат таътиллари берилиши белгиланди.
Тизимдаги бошқа ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили ва қўшимча таътиллар давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 2023 йил 27 июндаги 23-ққ ва 10-7 “с” – сонли қарорларига мувофиқ берилиши белгиланди. Ушбу қарорлар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан 2023 йил 13 июл куни 125-В-сон билан рўйхатдан ўтказилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, педагог ходимларга таътил кунлари ва тўловларни тўғри берилиши бўйича Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тизимли мониторинг йўлга қўйилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан барча ҳудудларда педагогларнинг меҳнат таътиллари билан боғлиқ буйруқлар ўрганилиб, таҳлил этилди ҳамда ZOOM платформаси орқали тармоқ касаба уюшмаларининг барча туман ва шаҳар кенгашлари раислари учун йиғилишлар ва тақдимотлар ташкил этилди. Барча худудларда педагогларнинг таътилларини расмийлаштириш, таътил пулларини бериш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, педагоглар ва бошқа ходимларнинг таътил пулларини қайта ҳисоблаш, таътил бўйича буйруқларни тўғри расмийлаштириш, таътил пулларининг тўлиқ тўланиши бўйича тармоқ касаба касаба уюшмаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 9403 та таълим муассасасида педагогларнинг таътилларига оид буйруқлар ўрганилди, шундан 656 та буйруқни расмийлаштиришда хатоликлар аниқланди ва ушбу хатоликлар жойида бартараф этилиб, педагогларга таътил билан боғлиқ тегишли маблағлар ундириб берилди. Шунингдек, 20 минг 550 нафар педагог ходимнинг “таътил олиш ҳуқуқим бузилди” мазмунидаги мурожаатлари ўрганилиб, улар бўйича тушунтиришлар ва бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бирга қонуний ҳуқуқлари тикланди.
Натижада Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси саъй-ҳаракатлари билан, 8 минг 243 нафар педагог ходимнинг таътил пуллари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, педагоглар фойдасига 7 млрд. 825 млн. 86 минг сўм маблағ ундириб берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати