[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.07.2023. Шароф Рашидов туманидаги сўлим гўшада жойлашган «ENERJI» соғломлаштириш оромгоҳида айни пайтда 135 нафар ўғил-қиз ҳордиқ чиқаришмоқда. Дам олувчилар учун шахмат-шашка, баскетбол, волейбол, инглиз тили, расм чизиш каби турли тўгараклар ташкил этилган. Турли маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилаётир.

– Икки мавсумда жами 405 нафар бола ҳордиқ чиқарди, – дейди оромгоҳ директори Ойбек Қурбонбоев. – Таъкидлаш жоизки, оромгоҳда ҳар бир кун том маънода дақиқалар билан белгиланган ва қизиқарли тарзда кечади. Шу мақсадда спорт марафонлари, кўнгилочар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, «Танишув куни», «Саломатлик куни», «Экологлар куни», Нептун куни, китоб куни, спорт куни шундай тадбирлардан ҳисобланади. Масалан, Саломатлик кунида тиббиёт ходимлари иштирокида зарарли одатларнинг олдини олиш, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳақида семинарлар бўлиб ўтади. Китоб кунида кутубхоначи «Энг яхши шеър айтган бола», «Энг яхши эртак билимдони» ва бошқа кўрик-танловларни ташкил этади. Шуниси эътиборга лойиқки, ҳар бир номланган кун аввалгисидан фарқ қилади. Ҳар бир кун дастури
ва мавзулари бой ва қизиқарли бўлиб, болалар асло зерикишмайди. Буларнинг барчаси болалар дунёқарашининг кенгайишига, маънавиятини бойитишга хизмат қилмоқда.

Болалар «Билимдон», «Оромгоҳ шаҳзодаси ва маликаси», «Камалак экспресс», «Хазина» каби беллашувларда, шунингдек, спорт тадбирларида, масалан, «Оромгоҳ кубоги» учун футбол мусобақаларида иштирок этишдан жуда мамнун. Дам олувчиларнинг саломатлиги шифокор Матлуба Абдушукурова ва малакали ҳамширалар назоратида бўлиб, тиббиёт хонаси барча зарур жиҳозлар ва дори воситалари билан таъминланган.

Оромгоҳдаги ўн иккинчи кун, анъанага кўра, мавсум ёпилишига бағишланган катта байрам тантанаси хайрлашув гулхани ёқилади. Ўғил-қизлар шеър ўқиб, рақсга тушади. Ватан, тинчлик ва дўстлик ҳақида куй-қўшиқлар янграйди. Шу куни улар бир-бирлари билан манзил ва телефон рақамларини алмашадилар,
бу ерда танишган кўплаб дўстлари билан мустаҳкам ришта боғлашга келишадилар.

Муқимбой Исмоилов