18.08.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят Кенгашига Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Файзобод МФЙ, Темир йўл кўчаси 20-уйда яшовчи фуқаро Махкамов Хайрулло 2021 йил 1 март куни иш вақтида олган тан жарохати бўйича ойма-ой тўланиши лозим бўлган соғлиғига шикаст етказилганлиги билан боғлиқ холдаги зарар пуллари 2021 йилнинг декабрь ойидан 2022 йилнинг сентябрь ойигача Ш.Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси иш берувчиси томонидан ўз вақтида тўланмаётганлиги сабабли ундириб берилишида амалий ёрдам сўраб ариза билан мурожаат қилди.
Ариза Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят Кенгаши Меҳнат техник инспектори И.Жабборов ҳамда Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати етакчи мутахассиси Бурханов Алишер томонидан ўрганилганда, Махкамов Хайрулло Ш.Рашидов туман тиббиёт бирлашмасида 2018 йилнинг 2 апрелидан навбатчи шифокор лавозмида ишлаб келган, 2021 йил 01 март куни иш вақтида бахтсиз ҳодисага учраб тан жарохати олган. Бахтсиз ҳодиса вилоят Бандлик бош бошқармаси буйруғи асосида тузилган махсус текшириш комиссияси томонидан текширилган, бахтсиз ҳодисани ишлаб чиқариш билан боғлиқ деб топилиб, Н-1 шаклидаги далолатнома расмийлаштирилиб, иш берувчи томонидан тасдиқланган ва Ш.Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳисобга олинган. Жиззах вилоят Бош ТИЭКнинг 2022 йил 29 июлдаги № 0002033 сонли хулосасида II-гуруҳ ногирони, касбий меҳнат лаёқати йўқотилганлик даражаси 80% деб белгиланган.
Ш.Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси иш берувчиси жабрланувчи Махкамов Хайруллога ойма-ой тўланиши лозим бўлган зарар пули 81 522 750 сўмни ўз вақтида тўлаб бермаганлиги мурожаатнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Ш.Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси иш берувчисига, жабрланувчи Махкамов Хайруллога ойма-ой тўланиши лозим бўлган зарар пули тўлаб бериш ҳақида тақдимнома киритилди.
Ш.Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси иш берувчиси ва мутасадди ходимлари билан Кенгашнинг Меҳнат техник инспектори ва Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати етакчи мутахассиси томонидан музокара олиб борди ва музокара йўли билан жабрланувчи Махкамов Хайруллога 2023 йилнинг 3 ва 14 август кунлари жами 81 522 750 сўм соғлиғига шикаст етказилганлиги билан боғлиқ ҳолдаги зарар пуллари иш берувчи томонидан тўлаб берилди.
Касаба уюшмалари Жиззах вилоят Кенгаши масъул ходимларининг аралашуви билан жабрланувчи Махкамов Хайруллога ойма-ой тўланадиган зарар пули ундириб берилда ва унинг ҳуқуқ манфаатлари ҳимоя қилинди.
А.Бурханов
Кенгашнинг Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати етакчи мутахассиси