[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.08.2023. Маъруф Хўжаев пойтахтдаги «Al-Plast-Lit» МЧЖда ишлаб келаётганди. Аммо бир куни у билан бахтсиз ҳодиса рўй берди.

Бандлик бош бошқармасининг тегишли буйруғи билан тузилган ишчи гуруҳ ҳолатни ишлаб чиқаришдаги ўта оғир бахтсиз ҳодиса, деб ҳисоблади. М.Хўжаевга меҳнат қобилиятининг 35 фоизини йўқотгани инобатга олиниб, III гуруҳ ногиронлиги берилди.

Бундай вазиятларда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари»га кўра иш тутилиши белгиланган. Бандлик бош бошқармаси шу йўл-йўриқ бўйича иш берувчига талабнома киритди. Лекин иш берувчи ходимга бир йўла тўланиши керак бўлган маблағни тўлашни пайсалга солди.

Шундан сўнг М.Хўжаев ваколатли ташкилотларга мурожаат йўллаб, аҳволини баён этди. Шунингдек, «Al-Plast-Lit» МЧЖдан бирйўла тўланадиган олти миллион сўм ҳамда 2023 дан 2048 йилгача тўлаб борилиши керак бўлган етмиш миллион сўмни ундириб беришни сўради.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари ҳолатни ўрганиб, суд жараёнларида ходимнинг манфаати учун қатнашди.

Суд касаба уюшмаси ходими ҳамда жабрланувчи келтирган далилларни, иш берувчи таъкидлаган важларни батафсил ўрганиб, «Al-Plast-Lit» МЧЖ Маъруф Хўжаевга бахтсиз ҳодиса туфайли етган моддий зарар ҳамда йиллар давомида тўланиши керак бўлган нафақа пулини бирйўла тўлаб берилишини лозим топди.

Бундан ташқари, корхона раҳбари ходимнинг уч нафар фарзандини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча маблағ ажратишни ўз зиммасига олди.

Равшан Маҳмадалиев
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходими