[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.08.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида Гендерга оид аудитни ўтказувчи ишчи гуруҳ аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган ўқув-семинарида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, давлат ва жамоат ишларини бошқаришда фаол иштирок этишларини таъминлаш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказишнинг ҳуқуқий асослари яратилгани, қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мавжудлари такомиллаштирилгани таъкидланди.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Қонун (ЎРҚ-809-сон) қабул қилиниши натижасида “Гендерга оид аудит” тўғрисида янги механизм амалга киритилиб, махсус нормалар билан унинг асосий вазифалари, гендерга оид аудитни ўтказиш ҳамда унинг натижаларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди. Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашув ҳолати ўрганилади ҳамда баҳоланади.

Гендерга оид аудит Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси томонидан тасдиқланган Гендерга оид аудит ўтказишнинг 3 йиллик режасига асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилиши белгиланган. Давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбатини ўрганиш, давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятини гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этганлиги ҳолатини ўрганиш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиш ҳолатини баҳолаш ва хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш гендерга оид аудитнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Ўқув-семинар айнан гендер аудитни ўтказувчи мутахассислар ҳамда гендер аудит ўтказиладиган вазирлик ва идоралар вакилларининг мазкур соҳа бўйича билимларини ошириш билан бирга, кўплаб янги кўникмаларни беоди. Чунки, гендерга оид аудит қонунчиликда янги механизм ҳисобланади. Шу боис ўқув- семинар давомида Гендерга оид аудит услубиёи, принциплари, уни ўтказиш босқичлари, таркибий қисмлари, гендер аудит ўтказиш якунлари бўйича ҳисобот тайёрлаш борасида тушунтиришлар берилди.  Шунингдек, гендер бўйича тажрибали экспертлар томонидан гендерга оид аудит ўтказиш бўйича муҳим тавсиялар, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига, шу жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришда гендерга доир комплекс ёндашувни жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш бўйича зарур назарий ва амалий билимлар берилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари