04.09.2023. Ижтимоий тармоқда Андижон вилояти банк ходимлари номидан эълон қилинган аноним мурожаат Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ўрганиб чиқилди.
Аввало шуни таъкидлаш зарурки, аноним мурожаат Андижон вилояти банк ходимлари томонидан йўлланганлиги айтилган, аммо, айнан қайси банк ходимлари эканлиги кўрсатилмаган ва ҳеч ким томонидан имзоланмаган.
Шундай бўлса-да, ушбу мурожаат юзасидан тармоқ касаба уюшмаси таҳлилий ўрганишларни амалга оширди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда тармоқ касаба уюшмасининг вилоят кенгаши Андижон вилояти ҳудудидаги 11 та банк муассасасида меҳнат қилаётган 2 минг 204 нафар ходимнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини жамоа келишувлари ва шартномалари орқали ҳимоя қилиб келмоқда.
Аноним мурожаатда вилоятдаги банк ходимларининг “Зомин” санаторийсига йўлланма ололмаётгани кўрсатиб ўтилган.
Тармоқ касаба уюшмаси Андижон вилоят кенгашининг тармоқ тизимидаги ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзоларига йўлланмалар ажратиш борасидаги фаолияти ўрганилганда жорий йилнинг 8 ойи давомида вилоят кенгашидан йўлланма ажратиш сўралган 281 та ёзма ва 14 та оғзаки, жами 295 та мурожаат рўйхатга олингани, ушбу мурожаатларнинг 259 таси, яъни 88 фоизи қаноатлантирилгани аниқланди.
Яъни, жорий йилнинг 8 ойи давомида Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Андижон вилоят кенгашига тармоқ тизимидаги ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар учун жами 259 та йўлланма ажратилган. Ушбу йўлланмаларнинг барчаси тармоқ касаба уюшмаси аъзоси бўлган меҳнаткашларга берилган. Жами ажратилган 259 та йўлланманинг 51 таси “Зомин” санаторийси йўлланмалари бўлиб, тармоқ касаба уюшмасининг Андижон вилоят кенгаши белгиланган тартибга кўра ушбу 51 та йўлланманинг барчасини тармоқ тизимидаги ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларга бериш учун йўналтирган.
Жами мурожаатлар орасида “Зомин” санаторийсига йўлланма ажратилиши сўралган мурожаатлар 57 тани ташкил этган ва ушбу 57 та мурожаатдан 8 таси банк муассасаларига тегишлидир. Жами 57 мурожаатнинг 51 таси (89%) қаноатлантирилган, яъни 51 нафар ходим, шу жумладан, мазкур санаторийга йўлланма сўраб мурожаат қилган 8 нафар банк ходими “Зомин” санаторийсида дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаши учун имтиёзли йўлланма билан таъминланган.
Бундан кўриниб турибдики, “Зомин” санаторийсига йўлланма олишни сўраб мурожаат қилган барча банк ходимларининг мурожаатлари қаноатлантирилиб, имтиёзли йўлланма билан таъминланган.
Шундай бўлса-да аноним мурожаат эгасининг мурожаатини ижобий ҳал этиш мақсадида вилоятдаги 11 та банк муассасасининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаоллари билан суҳбатлар ўтказилди. Аммо, бирорта банк муассасасида санаторийга йўлланма ажратиш бўйича мурожаат ҳал этилмагани ва ёки норозилик билдирилгани билан боғлиқ ҳолат аниқланмади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати