[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.09.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига “Асакабанк” АЖ Фарғона филиали ходими Толибжон Мансуров иш берувчи томонидан унга иш ҳақига қўшимча тўловлар вақтида тўланмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат йўллади.

Касаба уюшма мутахассислари мазкур мурожаатни ўрганиши давомида иш берувчининг қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани аниқланди.

Хусусан, “Асакабанк” АЖ Фарғона филиали касаба уюшма қўмитаси раисининг 2020 йил 16 октябрдаги 76-сонли йиғилиш баёни ҳамда “Асакабанк” акциядорларининг 2020 йил 16 октябрдаги 3-сонли умумий йиғилиши баёни билан тасдиқланган “Асакабанк” ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Низомнинг 21-бандида “Банк мутахассисларининг касбий ваколати учун индивидуал устамалар Бошқарув раиси раислигида фаолият юрутувчи Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Комиссия кўриб чиқиши учун эгаллаб турган лавозимидан қаъти назар ходимларнинг лавозим маошларига          30 ш.б гача бўлган миқдорда индивидуал устамалар белгилаш масаласи киритилади. Бунда Комиссия ҳар бир ходимнинг малакаси, ваколати, маҳорати, банк ривожига қўшган ҳиссасини ҳисобга олади. Индивидуал устамаларнинг миқдори Комиссия тўғрисидаги низом билан тасдиқланган, тақдим қилинаётган мезонларга асосан белгиланади” деб, кўрсатилган.

Юқоридаги Низомнинг 22-бандига асосан филиал бошқарувчиси бошлиғининг таклифи бўйича ходимларга индивидуал устамалар банк бўйича буйруқ билан расмийлаштирилиши белгиланган. 27-бандида эса “Тасдиқланган индивидуал устамалар банк ходимларига ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳар ойда тўланади” деб, белгиланган.

Аммо, Т.Мансуров банк тизимида 29 йилдан ортиқ муддат ишлаб келган бўлса-да, унга 2022 йил 1 октябр кунига қадар устама тўлови тўланиб,                 2022 йилнинг октябрь, ноябрь, декабрь ва 2023 йилнинг январь, февраль, март ойлари учун жами 52 млн. 638 минг сўм устама тўлови тўланмаган.

– Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда “Асакабанк” АТ банки ўртасида ижтимоий ривожлантириш борасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, меҳнат шартлари ва унга ҳақ тўлаш, ходимларнинг ижтимоий кафолатларини белгилаб бериш бўйича 2020-2022 йилларга тузилган тармоқ келишуви мавжуд, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши бош юрисконсульти Авазхон Тўрахўжаев. – Мазкур Тармоқ келишуви меҳнат қилаётган ходимларнинг меҳнатга оид муносабатларини тартибга солувчи норматив ҳужжат бўлиб, унинг 39-бандида “Ходимларнинг банк тизимидаги умумий стажини инобатга олган ҳолда ходимларга иш стажи учун қўшимча ҳақ тўлаш уларнинг лавозимларидан қатъи назар амалга оширилади. Мазкур қўшимча ҳақ тўлаш штатдан ташқари бўлган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди”, деб белгиланган. 57-бандида эса ходимларнинг қўшимча ҳақ тўлаш учун ҳисобга олинадиган меҳнат стажи Бош Банкда Ходимлар билан иш олиб бориш бошқармаси, филиалларда эса Ходимлар билан иш олиб бориш бўлими (хизмат, сектор) томонидан мазкур Низомга асосан белгиланиб, ойма-ой назорат қилиб борилиши кўрсатиб ўтилган.

Мазкур талаб “Асакабанк” АЖ банки Бошқарув раиси ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республикаси Кенгаши раиси ўртасида келишиб тасдиқланган “2019-2021 йиллар учун тузилган Жамоа шартномаси”нинг 5.7-, 5.8- ва 5.9-бандларида, шунингдек, меҳнат жамоасининг 2022 йил 18 февралдаги 12-сонли умумий йиғилишида тасдиқланган “2022-2024 йиллар учун тузилган Жамоа шартномаси”нинг 5.16-бандида ҳам кўрсатиб ўтилган.

Бироқ, “Асакабанк” АЖ Фарғона филиали томонидан Т.Мансуровга мазкур жамоа шартномаларига зид равишда 2021 йил февралдан 2023 йил 1 феврал кунига қадар банк тизимидаги иш стажи учун асоссиз равишда жами 40 млн. 296 минг сўм қўшимча иш ҳақи тўланмаганлиги аниқланди.

Касаба уюшмалари ходим Толибжон Мансуровнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилди. Натижада суд қарори билан “Асакабанк” АЖ Фарғона филиалидан Толибжон Мансуров фойдасига меҳнат ҳақига қўшимча тўлов ва устамалар учун жами 82 млн. 407 минг сўм иш ҳақи ҳамда 10 млн. сўм маънавий зарар ундириш белгиланди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати