17.11.2014. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш мақсадида Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда унинг тизимидаги бошланғич ташкилотларда муайян ишлар амалга оширилаётир.
— Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида барча имкониятлар сафарбар этиляпти, — дейди Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Дилдора Ҳошимова. — Тасдиқланган чора-тадбирларга биноан қўшма тадбирлар режаси тузилиб, тизимимиздаги барча бошланғич ташкилотларга етказилган. Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 2014 — 2016 йиллар учун белгиланган дастурда кўзда тутилган тадбирларнинг аксарияти жойларда бажариб келиняпти.
Дарҳақиқат, белгиланган режага асосан жорий йилнинг 9 ойи давомида Республика кенгаши томонидан Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги тармоқ касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари етакчилари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш ходимлари иштирокида семинарлар ташкил этилди.
Шунингдек, 37 та корхона ҳамда ташкилотда иш шароитлари, меҳнат муҳофазаси ҳолатлари ўрганиб чиқилиб, аниқланган 48 та камчилик бартараф этилди.
Тармоқ корхона ва ташкилотларида амал қилаётган жамоа шартномаларида жорий йилда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 11 минг 724 та тадбир ўтказиш белгиланган бўлиб, 9 ой мобайнида 8924 та тадбир амалга оширилди.
Сир эмаски, меҳнат муҳофазасини таъминлашда жамоатчилик асосида сайланган вакиллар ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шу боисдан ҳам 947 нафар вакилнинг 628 нафари ўқитилиб, билимлари синовдан ўтказилди. Шунингдек, 3215 та иш жойининг 3142 таси аттестациядан ўтказилди.
Яна бир муҳим жиҳат, Республика кенгашининг жорий йил 17 сентябрдаги қарорига асосан тармоқдаги корхона ҳамда ташкилотларда «Меҳнатни муҳофаза қилиш кунлари»ни ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди. Шу кунгача ҳудудий бирлашган касаба уюшма қўмиталари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош мутахассис томонидан 136 та корхонага амалий ёрдам кўрсатилди.
Афсуски, кўрилган чора-тадбирларга қарамай, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар учраб турибди. Масалан, шу йилнинг 9 ойи давомида 8 та бахтсиз ҳодиса юз берди. Барчаси таҳлил этилиб, бошланғич ташкилотлар йиғилишларида кўриб чиқилди.
Шу ўринда савол туғилади: бундай кўнгилсиз ҳолатлар сабаби нимада?
— Ишга янги кирган ходимлар билан меҳнат муҳофазаси юзасидан ўз вақтида йўриқномалар ўтказилмаяпти, — дея изоҳ берди Дилдора Ҳошимова. — Шунингдек, ишчи-хизматчиларнинг ўқувларини ташкил этиш кўнгилдагидек эмас. Жамоа шартномаларига илова қилинган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бандлардаги тадбирлар режаси тўғри тузилмаган. Айни вақтда шу йўналишлар бўйича ишлаяпмиз.
Республика кенгаши мутахассислари йилнинг ҳар чорагида аъзо ташкилотларда меҳнат муҳофазаси юзасидан давра суҳбатлари ташкил этмоқда. Иш жойларининг аттестациядан ўтказилишини таъминламаган иш берувчиларга талабномалар киритиляпти. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувларини ташкил этиш, бу борадаги билимларини синовдан ўтказиш ҳам алоҳида назоратда.
Таъкидлашни истардикки, амалдаги қонунчиликка биноан ишчи-хизматчилар сони 50 нафардан ошган ҳар бир корхона, ташкилот ҳамда муассасада меҳнат муҳофазаси бўйича малакали мутахассис фаолият кўрсатиши лозим. Лекин айрим жойларда иш берувчилар томонидан бу масалага етарлича аҳамият берилмаяпти. Тежамкорлик яхши, лекин арзимаган маблағни тежаб, миллионларни совуриш ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.