[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

03.10.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига “Асакабанк” АЖ Фарғона филиали ходими Толибжон Мансуров иш берувчи томонидан унга иш ҳақига қўшимча тўловлар вақтида тўланмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат йўллади.

Унинг мурожаати ўрганилганда иш берувчи томонидан қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, “Асакабанк” АЖ Фарғона филиали касаба уюшмаси раисининг 2020 йил 16 октябрдаги 76-сонли йиғилиш баёни ҳамда “Асакабанк” Акциядорларининг 2020 йил 16 октябрдаги 3-сонли умумий йиғилиш баёни билан тасдиқланган “Асакабанк” ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Низомнинг 21-бандида “Банк мутахассисларининг касбий ваколати учун индивидуал устамалар Бошқарув раиси раислигида фаолият юрутувчи Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Комиссия кўриб чиқиши учун эгаллаб турган лавозимидан қаъти назар ходимларнинг лавозим маошларига 30 ш.б гача бўлган миқдорида индивидуал устамалар белгилаш масаласи киритилади. Бунда Комиссия ҳар бир ходимнинг малакаси, ваколати, маҳорати, банк ривожига қўшган ҳиссасини ҳисобга олади. Индивидуал устамаларнинг миқдори Комиссия тўғрисидаги низом билан тасдиқланган, тақдим қилинаётган мезонларга асосан белгиланади” деб, кўрсатилган. 22-бандига асосан филиал бошқарувчиси бошлиғининг таклифи бўйича ходимларга индивидуал устамалар банк бўйича буйруқ билан расмийлаштирилиши, 27-бандида эса тасдиқланган индивидуал устамалар банк ходимларига ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳар ойда тўланиши белгиланган.

Аммо, Т.Мансуровга банк тизимида 29 йилдан ортиқ муддат ишлаб келган бўлса-да, унга 2022 йил 1 октябрь кунига қадар устама тўлови тўланиб, 2022 йилнинг октябрь-декабрь ойлари ва 2023 йилнинг январь-март ойлари учун жами 52 млн. 638 минг сўм устама тўлови тўланмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда “Асакабанк” АТ банки ўртасида тузилган тармоқ келишувининг 39-бандида ходимларнинг банк тизимидаги умумий стажини инобатга олган ҳолда ходимларга иш стажи учун қўшимча ҳақ тўлаш уларнинг лавозимларидан қатъи назар амалга оширилиши белгиланган. 57-бандида эса ходимларнинг қўшимча ҳақ тўлаш учун ҳисобга олинадиган меҳнат стажи Бош банкда ходимлар билан иш олиб бориш бошқармаси, филиаллларда эса ходимлар билан иш олиб бориш бўлими (хизмат, сектор) томонидан Низомга асосан белгиланиб, ойма-ой назорат қилиб борилиши кўрсатиб ўтилган, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши бош юрисконсульти Авазхон Тўрахўжаев. – Мазкур талаб “Асакабанк” АЖ банки Бошқарув раиси ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республикаси кенгаши раиси ўртасида имзоланган Жамоа шартномасида ҳам кўрсатиб ўтилган.

Бироқ, “Асакабанк” АЖ Фарғона филиали томонидан Т.Мансуровга мазкур жамоа шартномаларига зид равишда 2021 йил февралдан 2023 йил 1 феврал кунига қадар банк тизимидаги иш стажи учун асоссиз равишда жами 40 млн. 296 минг сўм қўшимча иш ҳақи тўланамаганлиги аниқланди.

Мазкур иш судда кўриб чиқилди. Суднинг қарори билан “Асакабанк” АЖ Фарғона филиалидан Т.Мансуров фойдасига меҳнат ҳақи шакли ва тизимидаги қўшимча тўлов ҳамда устамлар учун жами 82 млн. 407 минг сўм иш ҳақи, шунингдек, 10 млн. сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати