09.10.2023. Ижтимоий шериклик – муносиб меҳнат гаровидир!
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни муносабати билан “Ижтимоий шериклик – муносиб меҳнат гаровидир!” мавзуида видеоконференц алоқа форматидаги семинар ўтказилди.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ташаббуси билан дунёнинг барча мамлакатларида нишонланадиган Бутунжаҳон муносиб меҳнат учун ҳаракатлар кунига бағишланган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати вакиллари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси экспертлари, бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгашлари мутасаддилари, пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича ўтказилаётган Миллий мониторингнинг ҳудудий ишчи гуруҳлари аъзолари, касаба уюшмаларининг меҳнат инспекторлари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барча соҳаларда бўлганидек, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини халқаро стандартларга мос ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси қабул қилинганини келтиришимиз мумкин.
Мазкур қонун ҳужжатларида инсон қадри ва ҳуқуқлари янада кенгроқ қамраб олинди ва мустаҳкамланди. Хусусан, янги Меҳнат кодексида ижтимоий шериклик тамойилларига кўра кўплаб масалалар қабул қилинишидан олдин Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланиши белгилаб қўйилди. Бу ўз ўрнида муносиб меҳнатни таъминлашда ижтимоий шерикликнинг ролини оширишга хизмат қилади.
Муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини, балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланишини, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси таҳлилларига кўра сўнгги 40 йил ичида жаҳон иқтисодининг ҳажми тўрт баравар кўпайган бир пайтда глобал бойликнинг иш ҳақига сарфланадиган улуши 13 фоизга камайган.
Ўзбекистонда иш ҳақини ошириб бориш динамикасига назар ташласак, 2015 йилда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 130 минг 240 сўм бўлганини, бу миқдор 2023 йил 1 майдан 980 минг сўм қилиб белгиланганини, яъни шу давр мобайнида иш ҳақи 7,5 баробар оширилганини кўриш мумкин.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош жамоа келишуви, шунингдек, тармоқ ҳамда ҳудудий жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларга муносиб иш ҳақи тўланишини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2023-2025 йиллар учун имзоланган Бош жамоа келишувида мазкур келишув амал қилиши даврида меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини оширишга, ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туришга доир чоралар кўриш масаласи киритилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2023 йил 1 апрель холатига республика бўйича 19 минг 915 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 900 мингга яқин ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилган. Бу эса жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган жами ходимларнинг салкам 20 фоизини ташкил этади.
Касаба уюшмалари томонидан иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши юзасидан ҳам жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида касаба уюшмалари органлари томонидан иш берувчиларга, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига, банкларга, ҳуқуқий инспекцияларга, прокуратура ва суд органларига мурожаат қилиниб, ходимларга 21 млрд. сўмдан ортиқ ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилди. Шунингдек, Касаба уюшмалари томонидан 2 минг 493 та корхона, ташкилот ва муассасада 163 минг нафар ходимга тўланаётган иш ҳақининг улар малака даражасига мувофиқлиги бўйича мониторинглар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида 20 та ҳолатда 684 нафар ходимга иш ҳақи уларнинг малака даражасига мувофиқ тўланмаганлиги аниқланиб, ходимлар фойдасига 835 млн. сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилишига эришилди. Бундан ташқари, 5 минг 386 та корхона, ташкилот ва муассасада иш берувчилар томонидан кафолатланган энг кам иш ҳақи миқдорига риоя этилиши ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилди. Мониторинг натижаларига кўра Сирдарё вилоятидаги 2 та корхона ва ташкилотда иш берувчилар томонидан кафолатланган энг кам иш ҳақи миқдорига риоя этилмаслиги ҳолати аниқланиб, иш берувчиларга тақдимномалар киритилди.
Семинарда Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессияси якунлари, Муносиб меҳнат тамойилларини илгари суришда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг ўрни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси назорат-таҳлил фаолияти, пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилаётган Миллий мониторинг хусусида ҳам сўз борди.
Семинар давомида пахта теримчилари учун яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлари ҳамда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича ўтказилаётган миллий мониторинг жараёнлари тўғрисидаги видеорепортажлар ҳам намойиш этилди.
Семинар якунида Муносиб меҳнат Концепцияси таянувчи тўртта муҳим мақсад, шу жумладан, бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш йўналишларида ижтимоий шериклик асосида амалга оширилиши лозим бўлган галдаги вазифалар ҳам муҳокама этилди. Тадбирда иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар семинар жараёнида бўлиб ўтган мулоқот ниҳоятда фойдали ва самарали бўлгани ҳамда унинг ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасидаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари