[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

14.10.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган XIX Осиё ўйинларида иштирок этиб, ёрқин ғалабаларни қўлга киритган Касаба уюшма спортчилари ва уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Маълумки, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медалга сазовор бўлиб, 45 та мамлакат орасида фахрли бешинчи ўринни эгаллади.

Ватанимиз шарафини улуғлаб, уни дунёга танитишга ҳисса қўшган спортчилар сафида Ўзбекистон касаба уюшмалари спортчиларининг ҳам борлиги қувонарлидир. Ўзбекистон касаба уюшмалари спортчилари XIX Осиё ўйинларида эришилган ёрқин ғалабаларга муносиб ҳисса қўшиб, юртимизга медаллар шодаси билан қайтдилар.

Таъкидлаш ўринлики, XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари орасидан саралаб олинган 23 нафар касаба уюшма спортчиси иштирок этиб, умумий ҳисобда 6 та олтин, 7 та кумуш, 3 та бронза, жами 16 та медални қўлга киритдилар.

Касаба уюшма спортчилари хусусан, спортнинг академик эшкак эшиш, каноэда эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш, оғир атлетика, енгил атлетика, босқон улоқтириш турлари бўйича ўз маҳорати, тажриба ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган тантанали тадбирда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда  профессионал спортчиларни тайёрлаш бўйича узлуксиз тизим яратилгани, бу масалага умумтаълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мажмуалари, спорт турларига ихтисослашган таълим муассасаларида профессионал даражада ёндашилаётгани натижасида мамлакатимиз спортчилари жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида салмоқли ғалабаларга эришиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтараётгани алоҳида таъкидланди. Яқиндагина бўлиб ўтган XIX Осиё ўйинларида ўзбек спортчилари қўлга киритган ғалабалар ҳам мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор натижасида ўзбек спортининг ёрқин келажагини таъминлашга қодир спортчилар тарбияланаётганини намоён этгани қайд этилди.

Тадбирда XIX Осиё ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган 16 нафар касаба уюшма спортчиси ҳамда уларнинг 17 нафар мураббийси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мукофотлари билан тақдирланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати