[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.10.2023. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш, жамиятимизнинг турли соҳаларида фаол иштирок этишлари борасида барча шароитлар яратилмоқда.

Юртбошимиз ташаббуси билан Фарғона вилоятини хотин-қизлар ишсизлигидан ҳоли ҳудудга айлантириш таклифи илгари сурилгани натижасида бугунги кунда бу борада кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизлар ўртасида ишсизликни бартараф этиш, уларнинг қизиқиши ва имкониятларини инобатга олган ҳолда бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш йўналишларидаги ишлар шулар жумласидандир.

Таъкидлаш ўринлики, Фарғона вилоятида истиқомат қилаётган 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қиз хатловдан ўтказилди. Бунда 781 минг 772 та хонадондаги 1 млн. 85 минг 565 оила қамраб олинди. Хатлов орқали 18-55 ёшдаги 892 минг хотин-қиз иштирокида анкета-сўровномалар тўлдирилди.

Анкета-сўровномалар таҳлили 18-55 ёшдаги хотин-қизлардан 812 минг 311 нафарининг бандлиги таъминланганлигини, уларнинг 308 минг 973 нафари доимий, 289 минг 878 нафари мавсумий, 132 минг 163 нафари вақтинчалик иш билан бандлиги, 81 минг 297 нафари ўзини ўзи банд қилганлигини кўрсатди. Шунингдек, хатлов давомида ишлаш истаги бор 26 минг 703 нафар хотин-қиз аниқланди.

Айни пайтда хотин-қизлар ўзини ўзи банд қилишининг самарали усулларини ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, касб ўрганишга иштиёқи бор хотин-қизлар моно-марказларда касбга ўқитилмоқда. Ишлаш ниятини билдирган аёллар эса кооперацияларга бириктирилиб, бандлиги таъминламоқда.

Вилоятда хотин-қизлар ўртасида ишсизликнинг олдини олиш, вақтинча ишсиз бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш йўналишларидаги ишларда касаба уюшмалари ҳам алоҳида ўрин тутмоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши ҳамда Тошлоқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги ишсиз хотин-қизлар, фаол тадбиркорлар ва иш берувчилар иштирокида ташкил этилган очиқ мулоқотда кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Таъкидлаш жоизки, Тошлоқ туманида уйма-уй юриш орқали аниқланган 1 минг 400 нафар ишлаш истагидаги хотин-қизнинг 419 нафарини доимий, 827 нафарини мавсумий ва вақтинча иш билан банд қилиш, 122 нафарини ўзини ўзи банд қилиш ва 32 нафарини тадбиркорлик қилиш йўли билан бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Мулоқот учрашувида ишлаш истагидаги опа-сингиллар тумандаги “Amira textile”, “SMSHD TEX” МЧЖларида бўлиб, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар ва қулайликлар билан яқиндан танишдилар.

“SMSHD TEX” МЧЖ фаолияти билан танишган Дилбархон Валиева шу ерда ишлаш истагини билдирди ва у билан шу ернинг ўзида меҳнат шартномаси тузилди.

— Шу кунгача уйда ишсиз ўтирган эдим. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу мулоқот учрашувида ўзимга мос иш топдим, — дейди  Дилбархон Валиева. — Маошлари ҳам менга маъқул келди. Йўл кира ва тушликнинг корхона ҳисобидан эканлиги, иш стажининг юритилиши нур устига аъло нур бўлди.

— Очиғини айтсам, анчадан буён иш излаб юргандим, — дейди Ўғилой Тўлқинова. — Бугун мушкулим осон бўлди. Тадбиркорлар ва иш берувчилар билан ўтказилган мулоқот учрашувидан кейин “Amira textile” корхонасига ишга жойлашдим. Бу ердаги шароит ва қулайликлар менга манзур бўлди. Ишга кирганимни эшитган ота-онам ҳам роса суюнишди.

Корхоналар томонидан ишчиларнинг қатнашлари учун автобусларнинг йўлга қўйилгани, тушлик учун иссиқ овқат билан таъминланиши, ойлик маошларининг ўз вақтида тўланиши опа-сингилларимизга маъқул бўлди. Натижада шу куни 50 нафардан зиёд хотин-қизлар ушбу корхоналарда ишлаш истагини билдиришди.

Сирасини айтганда Фарғона вилоятида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги хайрли ишлар ижобий самара бериши шубҳасиз.

Шоҳсултон Тўхтаматов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслахатчиси