22.11.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаббуси билан тармоқ тизимидаги корхоналарнинг бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ва фаоллари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида саёҳатчилар қадим Самарқанднинг тарихи ва мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик иншоотлари билан яқиндан танишдилар.
Саёҳат Мирзо Улуғбек расадхонаси, Ҳожа Дониёр ва Амир Темур қабрлари зиёрати билан бошланиб, “Боқий Самарқанд” мажмуасини айланиш билан давом этди.
Саёҳатчилар тарихий обидалар, улардаги нақшинкор безаклар, ганчкорлик намуналари, ота-боболаримизнинг илм-фан тараққиётидаги қудрати ва донишмандлиги, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдилар.
Шунингдек, Самарқанднинг ноёб меъморий обидалари ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва шаҳарда қад кўтараётган биноларни томоша қилдилар.
“Боқий шаҳар” мажмуасига борган саёҳатчилар қалбида яна бир бор миллий ғурур уйғонди. Буни уларнинг қувончга тўлган кўзларида ва ўзаро суҳбатларида кўриш мумкин эди.
Шу ўринда айтиш керакки, “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлардан иборат бу муҳташам марказнинг барпо этилиши азим Самарқанд кўркига янада файзу тароват бағишлаган.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг тарихи ва кейинги йилларда бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари унинг шуҳратини янада ошираётганига саёҳатчилар гувоҳ бўлдилар.
Самарқанд шаҳрига ташкил этилган саёҳат барчада илиқ таассурот қолдирди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси