[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

29.11.2023. Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилотининг I Съезди ўз ишини давом эттирмоқда.

Таъкидлаш ўринлики Съездга “ТУРК ИШ” касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамда Туркия жамоатчилиги вакилларидан бир қатор меҳмонлар, хусусан Туркий давлатлар Оқсоқоллар кенгаши раиси Биналли Йилдиримбей ҳам иштирок этмоқда.

Съезд ишида сўзга чиққан Биналли Йилдиримбей Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилотига эзгу тилакларини билдириб, Ташкилотнинг кейинги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг Съезд кун тартиби ҳамда регламенти тасдиқлаб олинди.

– Бугун биз Сизлар билан шу муқаддас заминда яна бир тарихий ва муҳим воқеанинг бевосита иштирокчиси бўлиб турибмиз, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси – Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилоти Президенти Қудратилла Рафиқов.  – Бу тарихий воқеа, жорий йилнинг 29 июль куни Озарбайжон давлатининг Шуша шаҳрида асос солинган ва шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида таъсис этилган Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилоти фаолиятининг бошланишидаги муҳим нуқтадир.

Съез ишида кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масалалар хусусан, Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилотининг Уставини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ушбу Устав жорий йил 22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ташкилотнинг таъсис йиғилишида асос учун қабул қилинган эди. Унда Уставнинг лойиҳаси бўйича билдирилган таклифлар  инобатга олинди. Таъкидлаш ўринлики, Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилотининг асосий фаолияти ходимларнинг меҳнат, касбий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини, касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқлари ва кафолатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг халқаро бирдамлиги ва ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Уставга биноан Ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари – таъсисчи ташкилотлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, касаба уюшмаларининг ролини ошириш ва меҳнаткашларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий ва меҳнат муносабатларини ҳимоя қилиш  самарадорлигини ошириш, Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳужжатларида белгиланган асосий инсон ҳуқуқлари ва ишчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳужжатларга риоя этилишини рағбатлантиришдан иборат бўлади.

Устав бўйича иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Ташкилот Устави бир овоздан қабул қилинди.

Шундан сўнг кун тартибининг кейинги – Ташкилотнинг раҳбар органларини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Хусусан, Ташкилот Ижроия қўмитасининг сон жиҳатдан таркиби тасдиқланиб, аъзолари сайлаб олинди.

Ижроия қўмита аъзолигига Озарбойжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Меҳбалиев Саттор Сулиддин ўғли, Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Имиль Қизаев, Туркия касаба уюшмалари Конфедерацияси ТУРК ИШ Президенти Эргун Аталай ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов номзоди таклиф этилди.

Мазкур номзодлар Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилоти Ижроия қўмитаси аъзолигига бир овоздан сайланди.

Ижроия қўмитаси аъзолигига захира номзодлар сифатида Озарбайжон касаба уюшмалари  Конфедерацияси раиси ўринбосари Муса Мирзаев, Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раисининг маслаҳатчиси Биржан Нуримбетов, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси энергетика ходимлари касаба уюшма кенгаши раиси Шамиль Осмонов, ТУРК МЕТАЛЛ касаба уюшмалари кенгаши раиси Певрул Кавлак, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти ректори, профессор Иркин Умарахунов номзоди таклиф этилиб, бир овоздан сайландилар. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати