[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.12.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, иш берувчилар вакиллари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари билан бевосита очиқ мулоқот ва жамоатчилик эшитуви шаклида  “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар”  мавзуидаги Давра суҳбати ўтказилди.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддасига асосан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, Савдо-саноат палатаси, Иш берувчилар Конфедерацияси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда касаба уюшмалари вакиллари, шунингдек, онлайн тарзда ҳудудлардаги мутасаддилар иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидлаганидек, мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлганидек, ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳаларида ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, жаҳон бозорлари ва логистикадаги мураккабликларга қарамай мамлакатимизда экспорт 23,5 фоизга ошиб, 17,7 миллиард долларни ташкил қилди. Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларда йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳисобига      226,6 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпайди.

Маълумки, сўнгги 7 йил давомида муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда барча соҳаларда бирдек инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. Касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.

Биргина 2023 йилнинг 11 ойи давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 4 минг 667 та мурожаати кўриб чиқилиб, жами 11 минг 47 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланди ва улар фойдасига 40 миллиард 371 миллион сўмдан зиёд зарар пуллари ундириб берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош жамоа келишуви, 14 та ҳудудий жамоа келишуви, 102 та тармоқ жамоа келишуви, ташкилотларда эса 113 минг 174 та жамоа шартномалари амал қилмоқда. Жамоа шартномалари орқали ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси, бандликни таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар белгилаш, дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда 1 нафар ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 7 миллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда. Шунингдек, жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланаётгани ҳам қувонарлидир. Хусусан, республика бўйича 19 минг 915 та ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилишига эришилди. Ва бу орқали 890 минг 417 нафар ходимнинг иш ҳақи оширилди. Жамоа шартномаларининг барчасига ходим билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишдан аввал касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш зарурлиги тўғрисидаги талаб киритилишига эришилди. Бундан ташқари Жамоа шартномаларига биноан қарийб 99 минг нафар ходимга тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлаш имконияти яратилди. 2 млн. 188 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 млн. 940 минг нафардан зиёд ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда. Шунингдек, 2023 йилнинг 11 ойи давомида Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали қарийб 185 минг фуқарога ва 78 минг 210 та оилага 174 миллиард 815 миллион сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Меҳнатга муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, иш ҳақи ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш бўйича касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик мониторинги ўтказиб келинмоқда.

Давра суҳбатида таъкидлангинидек, меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммоларнинг охирги йилларда ўз ечимини топгани Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Масалан, авваллари иш ҳақини ўз вақтида тўлаш, банклардан иш ҳақи учун нақд пул олиш, пластик карточка ва нақд пулдаги истеъмол нархлари орасидаги фарқ, ишларнинг технологик турлари бўйича ва туман коэффициентларини ўрнатиш, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш борасида муаммолар мавжуд бўлиб, ҳал қилинмай келинар эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилган улкан ўзгариш ва ислоҳотлар натижасида ушбу маммоларга ечим топилиб, меҳнаткашлар манфаатлари самарали ҳимоя қилиб келинмоқда. Яна бир муҳим жиҳат – Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос ноёб тизими яратилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”, “маҳаллабай” ишлаш усуллари амалиётга жорий этилди. Бунинг натижасида ижтимоий ҳимояталаб оилаларга катта кўламдаги амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Жамоатчилик эшитуви шаклида ўтказилган Давра суҳбатида меҳнат соҳасида келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилган қатор ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳам ахборот берилди. Шунингдек, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, бандлик ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилган қулайликлар, ишлаётган ходимларнинг сломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашилди. Норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш, норасмий- ностандарт тарзда банд бўлган фуқароларни расмий бандликка ўтказиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида қарздорликка йўл қўймаслик чораларини кўриш каби масалаларга эътиборни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Давра суҳбатида Касаба уюшмалари фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, ҳомиладорлик ва туғиш таътили нафақаси тўланиши, ходимларга меҳнат таътили кунларини ва тўланадиган ҳақни тўғри ҳисоблаш, иш хусусияти смена ёки навбатчилик билан боғлиқ бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди.

Келгусида ушбу йўналишлардаги масалаларни давлат органлари ва  касаба уюшмаларининг ҳамкорлигида ҳал этиш борасида ташкилий чора-тадбирлар кўрилиши мақсадга мувофиқ эканлиги хусусида келишиб олинди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари