24.12.2023. Бола – бу ўзгача бир олам, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига юксак эътибор қаратилиб, кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан ўғил-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, замонавий илм-фан сирларини ўрганишлари ва етук мутахассислар бўлиб етишишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
Яқин тарихда мамлакатимизнинг муҳим маданий маркази бўлган ва юртимиз маданияти ва санъатида ўзига хос ўрин тутган тарихий бино негизида Президентимиз ташаббуслари билан қайтадан барпо этилган ва 2022 йилдан “Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи” сифатида иш бошлаган маданият ва санъат марказида ҳам юртимиз меҳнаткашлари фарзандлари учун қатор ижодий студия ва тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 100 дан ортиқ болажонлар маҳоратли мутахассислар устозлигида зўр қизиқиш билан шуғулланиб келмоқдалар. Хусусан, бу масканда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Қалдирғоч” болалар санъат маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унда ташкил этилган хореография, актёрлик маҳорати, вокал санъати, тасвирий санъат, либослар дизайнерлиги, бичиш ва тикиш, миллий чолғу асбоблари ижрочилиги, овоз режиссёрлиги студияларида болажонлар ўз вақтларини мазмунли ўтказиш билан бирга билим ва кўникмаларини ҳам оширмоқдалар.
Яқинлашиб келаётган янги йил арафасида Касаба уюшмалари саройи томонидан болажон юрт ва бахтиёр болалар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистон ўғил-қизлари учун ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфият улашувчи қатор байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган ана шундай шукуҳли тадбирлардан бири бўлган тантанали байрам тадбири ва “Оппоғойнинг уйига ташриф” номли Янги йил томошасига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйлари ва Оилавий болалар уйларида тарбияланаётган ўғил-қизлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бор ота-оналар фарзандлари ҳамда жисмоний имконияти чекланган болажонлардан 1500 нафари таклиф этилди.
Президентимиз ташаббуслари билан қайта тикланиб, халқимизга тақдим этилган мазкур муҳташам саройда болажонлар тантанали равишда куй ва қўшиқлар садоси остида кутиб олиндилар. Мазкур тантанали байрам тадбири болажонларга олам-олам қувонч бахш этди. Ёш авлод вакилларига пешвоз чиққан Қорбобо ва Қорқиз ҳамда турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қизиқарли ўйинлар болажонлар кайфиятини янада кўтарди.
Сарой фойесида болажонлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар учун мазали тамолар ва ширинликлардан иборат байрам дастурхонлари ташкил этилди.
Шундан сўнг эртамиз эгалари бўлган ёш алод вакиллари учун Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи қошидаги “Қалдирғоч” болалар ижодиёт студияси ўқувчилари ва ўқитувчилари иштирокида махсус саҳналаштирилган ажойиб саҳна асари – “Оппоғойнинг уйига ташриф” мусиқали эртак спектакли намойиш этилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, спектакл орқали болажонларга Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида ҳар бир инсоннинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, ўз қизиқишлари йўналишида билим олиши ва ижод қилиши, олган билим ва кўникмаларини амалда қўллаб, она юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун Ватанга садоқат билан хизмат қилиши мақсадида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ва кенг кўламли ишлар тарғиб қилинди. Шунингдек, меҳр-мурувватли бўлиш ва ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш энг олий фазилатлардан бири эканлиги, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси, олий мақсад йўлида доимо олға интилиш ва ўзаро ишончни оқлаш зарурлиги, катталар эъзозланиб, кичиклар иззатланган, эзгуликларни амалга ошириш асосий мақсад бўлган, баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган юртдагина инсон ўзини чинакамига бахтли ҳис қилиши мумкинлиги тараннум этилди.
Спектаклдан сўнг ҳар бир ўғил-қизга қувонч улашувчи Янги йил совғалари топширилди..
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати