[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.12.2023. Сўнгги йилларда  аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, касб-ҳунарга жалб этиш орқали бандлигини таъминлашга  бўлган эътибор ошди, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланяпти.

Долзарб вазифалар сифатида белгиланган камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш борасидаги иш кўламлари янада кенгайди. Ҳудудларда “маҳаллабай”, “хонадонбай” асосида аҳоли даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш, субсидиялар ёрдамида ўзини-ўзи банд қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.

Ҳаётбахш ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз, доимий даромадга эга бўлмаган хотин-қизларга кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу бежиз эмас. Жорий йилнинг 28 июль куни Президентимиз Фарғона вилоятида “Ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар” юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар ҳақида тўхталиб, Фарғона вилоятини “Хотин-қизлар ўртасида ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш” ташаббусини илгари сурган эди. Бу ҳаётбахш ташаббус минглаб фарғоналик хотин-қизлар хаёт тарзини ўзгартирди, фаровонлигини таъминлади.

Хотин-қизлар ўртасида ишсизликни бартараф этиш, қизиқиш ва имкониятларини инобатга олган ҳолда бандлигини таъминлаш,  муаммоларини бартараф этиш мақсадида мутасадди бошқарма ва ташкилот раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, 18 ёшдан 55  ёшгача бўлган хотин-қизлар хатловдан ўтказилди. Бу жараёнда 781 минг 772 та хонадондаги 1 млн. 085 минг 565 оила қамраб олинди,  892 минг  хотин-қизлар билан анкета-сўровномалар тўлдирилди.  Таҳлил доирасида,  308 минг 973 нафари доимий, 289 минг 878 нафар мавсумий, 132 минг 163 нафари вақтинча ҳамда 81 минг 297 нафари ўзини ўзи банд қилганлиги маълум бўлди. Хатлов давомида 26 минг 703 нафар ишлаш истаги бор, ишсиз хотин-қизлар аниқланди.

Шу мақсадда хотин-қизларнинг ўзини ўзи банд қилишнинг самарали йўлларини ривожлантириш бўйича зарур чоралар ишлаб чиқилди, касб-ҳунар ўрганишга иштиёқи бор хотин-қизлар моно марказларда ўзлари танлаган касбга ўқитилмоқда. Ишлаш истагини билдирган аёллар кооперацияларга бириктириляпти. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда фаол тадбиркорлар ва ишсиз хотин-қизлар мулоқоти ташкил этилиб, корхоналарда яратилган шароитлар опа-сингилларимизга таништириб бориляпти.

Олтиариқ туманидаги “Hamza expo art tekstil” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерида 150 нафарга яқин ишсиз хотин-қизлар иштирокида корхона ишлаб чиқариш салоҳияти, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар  таништирилди.  Шу кунинг ўзида 44 нафар хотин-қизлар корхонада ишлаш истагини билдириб, меҳнат шартномалари имзолади.

Тошлоқ туманидаги “SMSHD TEX” МЧЖда бўлиб ўтган амалий мулоқотда 50 нафарга яқин ишсиз хотин-қизлар муқим иш ўринлари билан таъминланди.

– Шу кунга қадар ишсиз эдим. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши томонидан  ишлаб чиқариш корхонасида ташкил этилган амалий мулоқотда ўзимга мос иш топдим, – дейди Дилбархон Валиева. – Маошлари ҳам менга маъқул келди, меҳнат стажига эга бўляпман. Йўл кира, тушлик ҳам  ишхона ҳисобидан.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекциясида ўтказилган мулоқотда мавжуд бўш иш ўринлари бўйича маълумотлар берилди. Иш излаётган оила бекалари Учкўприк тумани “Бобошбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бобошбек” ишлаб чиқариш ва савдо комплексида ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишди. 53 нафар ишсиз хотин-қиз ўзларига муносиб иш ўринларини танлаб олди.

Қува туманидаги “Altindag textile” корхонаси  45 нафардан зиёд хотин-қизлар билан меҳнат шартномаси имзоланди.

-Ўзимга мос иш топганимдан хурсандман. Корхонадаги мавжуд шароит, маошлар, менга маъқул бўлди,- дейди Гулсанам Холиқова.- Бу имкониятлар ҳақида қўни-қўшниларимга ҳам айтдим. Улар ҳам ишлаш тараддудида турибди.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уй юмушлари, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда  даромад топишларига кўмаклашиш  мақсади ташкил этилган аёллар  кооперацияларининг ўрни кундан кунга ортиб бормоқда.  Касаба уюшмалари томонидан ажратилган маблағ эвазига ишлаб чиқариш хажмини янада кенгайтирган Риштон туманидаги “MM Porcelain” МЧЖ корхонасида бугун  700 нафар ортиқ  хотин-қиз меҳнат қилмоқда.    Берилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган бағдодлик Гулнора Усмонова энг кўп иш берувчи аёл сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг молиявий кўмагида “Гулнора Матқулобод бодомлари” аёллар кооперациясига асос солган эди.  Айни кунда кооперация 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

Сирасини айтганда, Фарғона вилоятида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш йўлида амалга оширилаётган ташаббуслар аҳоли манфаати ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Эркинжон Нуралиев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси