26.01.2024. Бугун мамлакат ва хориж саҳнида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг салоҳияти, нуфузи кундан кунга ортиб бормоқда. Комбинат кон саноатидан то тайёр маҳсулотгача бўлган узвий ва узлуксиз мустаҳкам занжир ҳатто кўплаб хорижлик мутахассисларнинг ҳавасини келтиради. Мана шу занжирнинг асосий бўғини бўлган Мис эритиш заводи комбинатнинг юраги ҳисобланади. 36 мингга яқин кончи-металлурглар меҳнатининг якуний натижаси ҳам Мис эритиш заводида юзага чиқади.
Куни-кеча ушбу корхона ходимининг ижтимоий тармоқларда тарқаган мурожаати юзасидан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда комбинат мутасаддилари, касаба уюшмаси кенгаши масъуллари, ёшлар иттифоқи, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Завод раҳбарияти, цех бошлиқлари, металлурглар қатнашган бу йиғилишда сўз олганлар Мис эритиш заводида олиб борилаётган янги қурилиш ишларига, кенг кўламда давом этаётган таъмирлаш жараёнига эътибор қаратишди.
Завод бош муҳандиси Ислом Умаралиев ўз чиқишида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 2024-йил 12-январ куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ва ундаги Президентимиз маърузасига тўхталди. Мис эритиш заводида меҳнат жамоаси бир оиладек меҳнат қилиши, ёшларга ватанпарварлик руҳини сингдиришда шахсий намуна кўрсатиш лозимлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, йиғилишда бугунги глобаллашув жараёнида ҳар бир ёшнинг онггу шуурига ватанпарварлик туйғусини сингдириш, меҳнат жамоаларда ижтимоий соғлом муҳитни шакллантиришга аҳамият қаратиш таъкидланди.
Мурожаатчининг мурожаати комбинат раҳбарияти томонидан ўрганиб чиқилиб, у билан самимий суҳбат олиб борилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати катта бир оила. Бу улкан оиланинг ўз камчилик ва муаммолари шубҳасиз бўлади. Доно халқимиз азалдан уйдаги гапни кўчага олиб чиқмай, ичкарида одиллик ва оқиллик билан ҳал эттган. Зеро бугун ҳар қандай муаммо комбинат раҳбарияти томонидан ҳал этилмоқда. Бунинг учун кимда-ки мурожаат бўлса Телеграм мессенжери орқали @agmk_bot манзилига, Коррупсион ҳолатларга дуч келсангиз Комплаенс назорати хизматининг stop.corruption@agmk.uz электрон почта манзилига юборинг.
ОКМКда ҳеч бир ишчи-ходимнинг мурожаати бееътибор қолмайди ва ижобий ҳал этилади.