30.01.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг VII мажлиси бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Мажлисда Федерация Назорат-тафтиш комиссияси, касаба уюшмалари Республика ва ҳудудий кенгашлари раислари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, Федерация аппаратининг бўлим мудирлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этдилар.
Бош кенгаш мажлисида дастлаб “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг устувор йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларнинг 2023 йил якуни юзасидан ижроси ва 2024 йилдаги асосий вазифалари тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2023 йил Янги Ўзбекистонда муҳим тарихий воқеаларга бой йил бўлди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг мустаҳкам сиёсий иродаси, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳот ва ташаббуслари, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан улкан ютуқларга эришилди. 2023 йил апрелида ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра Асосий қонунимиз, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун муддатидан аввал ўтказилган сайловларда амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев қайта сайланиши шубҳасиз, ўтган йилнинг бош сиёсий воқеаси бўлди. Ушбу муҳим иккита сиёсий воқеа халқимизнинг нечоғлик якдиллигини, муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртдошларимиз томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди.
Мамлакатимизда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт кўрсаткичлари ўсишда давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 6 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 90,8 млрд. долларни ташкил этди. Бизнес ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида яратиб берилаётган қулай шароитлар туфайли ўтган йили 81 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди. Ижтимоий соҳага эътибор йилдан-йилга кучайиб бормоқда.
Якунланган йил касаба уюшмалари фаолияти учун ҳам самарали йил бўлди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи қарорларидан келиб чикиб, 2023 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ташкилотлар томонидан ижтимоий шериклик кўламини ошириш, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги хуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида маданий-маърифий, спорт ва соғломлаштириш ишларини ташкил этиш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Шу жумладан, касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ишларида фаол иштирок этилиб, ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 150 та норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан таклифлар берилди.
2023 йилда касаба уюшмалари меҳнат инспекторлари томонидан 2 минг 988 та корхона, ташкилотда жамоатчилик назорати ўтказилди ва жамоатчилик назорати билан қамраб олинган корхона, ташкилотлар сони 2022 йилга нисбатан 55 фоизга ортди. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнида ходимлар манфаатларига доир меҳнат қонунчилиги ва норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиши бўйича аниқланган камчиликларнинг бартараф этилиши ҳамда келиб тушган 4 минг 834 та мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 141 минг 783 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 64 млрд. 696 млн. 300 минг сўм зарар ундирилишига эришилди.
Ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, мазкур йўналишда мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш доирасида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия ишида фаол иштирок этиб келинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси раҳбарлик қилаётган мазкур комиссия мажлисларида Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини амалиётга татбиқ этиш чора-тадбирлари ижроси, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини амалиётда қўллаш борасидаги тушунтириш ишлари тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Бош жамоа келишуви асосида 2023 йилнинг 1 декабрь ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий жамоа келишувлари, тармоқларда республика миқёсида 102 та тармоқ жамоа келишувлари, Агросаноат мажмуи, Таълим ва фан, Соғлиқни сақлаш, Маданият, спорт ва туризм, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаларининг ҳудудий бўлинмалари томонидан 700 га яқин ҳудудий-тармоқ келишувлари тузилишига эришилди.
Ижтимоий шериклик асосида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида корхона ва ташкилотларда касаба уюшмаси ва иш берувчи ўртасида тузилган Жамоа шартномаларида қабул қилинган жами бандларнинг 97,7 фоизга бажарилишига эришилди. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ қарийб 7 миллион 615 минг сўмни ташкил этди. Яна бир муҳим жиҳат – тузилган Жамоа шартномаларининг барчасида ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилган. Бундан ташқари аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
2023 йил давомида 1 минг 241 та корхона ва ташкилотда меҳнат муҳофазаси ҳолатини ўрганиш жараёнида аниқланган 4 минг 372 та камчиликлар бўйича иш берувчиларга 455 та тақдимнома киритилиб, камчиликлар бартараф этилишига эришилди. Касаба уюшма аъзоларининг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 30 маротаба мурожаат этилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг жамоа шартномаларида меҳнат муҳофазаси бўйича белгиланган тадбирларни бажариш учун иш берувчилар томонидан жами 168 млрд. 179 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланишига эришилди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “1211 ишонч телефони”га хотин-қизлардан тушган мурожаатларда кўтарилган муаммаоларни мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал қилиш ишлари тизимли равишда давом эттирилиб, ушбу Ишонч телефонига хотин-қизлардан тушган жами 26 минг 864 та мурожаатда кўтарилган муаммолар ҳал этилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди.
2023 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 6 та тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган 993 минг 386 нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Жумладан, 423 минг 196 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 48 минг 913 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, уй-жойга муҳтож бўлган 8 минг 656 нафар хотин-қизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 86 минг 335 нафар хотин-қизга моддий ёрдам берилди.
“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тадбирлар дастури ижроси учун касаба уюшмалари маблағларидан 377 млрд. 467,5 млн. сўм, иш берувчилар маблағларидан 176 млрд. 756,9 млн. сўм йўналтирилди.
Меҳнаткашлар ўртасида оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ишлари ҳам касаба уюшмаларининг диққат марказида бўлди.
Ўтган йилларда тизимдаги санаторийлар ва улардаги ўринлар сонини ошириш соҳасида олиб борилган ишлар бугунга келиб ўз натижасини бермоқда. Хусусан, 2023 йилда касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийлар сони 31 тага, улардаги ўринлар сони 6 минг 753 тага етди. Бу эса йил давомида ушбу санаторийларда 200 мингга яқин дам олувчиларни, жумладан 61 минг 279 нафарини имтиёзли ва 3 минг 561 нафарини бепул йўлланмалар асосида соғломлаштириш имконини берди.
Тизимдаги санаторийларда нафақат касаба уюшмалари аъзолари, балки мамлакатимиздаги дам олишни истаган барча фуқаролар, нуронийлар ва аҳолининг бошқа тоифалари ўз саломатликларини янада мустаҳкамлаб келмоқдалар. Жумладан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 209 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда уларнинг кузатувчилари давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштирилди. “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга йўлланмалар ажратилди. Ташкилотларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг пенсиядаги ота-оналари имтиёзли, ишлайдиган пенсионерлар бепул йўлланмалар билан таъминланди. Кам таъминланган, кўп болали оилалардаги хотин-қизлар, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда ёш оилалар вакилларидан 888 нафари ижтимоий акциялар доирасида бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди.
Шунингдек, «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари тарбиячилари, умумтаълим муассасаларининг ўқитувчилари ҳамда таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагоглардан қарийб 2 минг 130 нафари бепул йўлланмалар билан таъминланди.
2023 йилги ёз мавсуми даврида 1 минг 118 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 331 минг 711 нафар бола соғломлаштирилди. Шундан, 196 та стационар турдаги оромгоҳда 157 минг 793 нафар ва 922 та соғломлаштириш майдончаларида 173 минг 918 нафар бола дам олдирилди. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида Тожикистонлик 50 нафар ўғил-қизлар Фарғона вилоятидаги “Товул” оромгоҳида, Қирғизистонлик 50 нафар болалар “Тонг” оромгоҳида дам олдирилди. Қорақалпоғистон Республикасидан 3 минг нафар ҳамда Хоразм вилоятидан 1 минг 500 нафар болажонлар ўз худудларининг энг яхши стационар турдаги оромгоҳларида бепул соғломлаштирилди.
Тизимдаги санаторийлар ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўринлар сонини кўпайтириш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш соҳасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Хусусан, 2023 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғида “Сангардак” санаторийси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Самарқанд вилоятидаги “Илм зиёси” болалар соғломлаштириш оромгоҳида капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида талабалар учун ётоқ биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида янги санаторийни қуриш ва жиҳозлаш ишлари, Хоразм вилоятида “Хонқа” санаторийсини, Бухоро шаҳрида болалар соғломлаштириш оромгоҳини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Наманган вилоятидаги “Чортоқ” санаторийси ҳудудида қўшимча ётоқ ва даволаш бинолари, Тошкент шаҳридаги “Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси”да, Сирдарё вилоятидаги “Янгиер” санаторийси ва Тошкент вилоятидаги “Кўҳинур” санаторийси ҳудудида сузиш ҳавзасини қуриш ишлари бормоқда.
Халқаро ташкилотлар, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари билан алоқаларни ривожлантириш орқали Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг халқаро касаба уюшмалари ҳаракатидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, 2023 йил сентябрда Самарқанд шаҳрида Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон Миллий касаба уюшма марказлари иштирокида Туркий давлатлар касаба уюшмаси ташкилотининг таъсис йиғилиши ўтказилиши, унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг Ташкилот президенти этиб сайланиши халқаро фаолиятни ривожлантириш соҳасидаги муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан йўлланган вакиллар 2023 йил ноябрда Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар касаба уюшмаси ташкилотининг 1-конгресси (съезди)да иштирок этишди.
Федерацияга аъзо тармоқ касаба уюшмалари томонидан ҳам хорижий давлатларнинг турдош ҳамда чегара олди ҳудудлари касаба уюшмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтириш соҳасида аниқ мақсадга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлган халқаро ва миллий меҳнат стандартларини жорий этишга кўмаклашиш соҳасидаги ишлар ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Касаба уюшмалари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасида ҳисобот йилида муайян ишлар амалга оширилди. Ҳозирда бошланғич ташкилотларни касаба уюшмалари тизимида электрон рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда “Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида комплекс интеграллашган ахборот тизими ёрдамида бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини тузиш ва қайд қилиш, аъзолар реестрини юритиш тартиби” ҳамда “Жамоа шартномалари ва жамоа келишувларини тузиш, келишиш, қайд қилиш ҳамда уларнинг реестрини юритиш тартиби” лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Стратегик йўналишларида жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида фаол ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш соҳасида белгиланган вазифалар ижросига ҳисобот йилида алоҳида эътибор қаратилди.
“Халқ сўзи” газетасида “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари”, “Ижтимоий ҳимоя”, “Народное слово” газетасида “Профсоюзы – радиус действия”, “Янги Ўзбекистон” газетасида “Касаба уюшмаларида”, “Правда Востока” газетасида “Профсоюзная жизнь” рукнлари ташкил этилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ишлар мунтазам равишда ёритилди. Шунингдек, республика нашрлари билан бир қаторда хорижий нашрларда ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва мутасаддиларининг чиқишлари ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «kasaba.uz» интернет-порталида, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисида ахборот ва мақолалар чоп этилиб, суҳбат, интервью ва тўғридан тўғри мулоқотлар берилди.
Мажлисда жамоа шартномалари сифатини янада ошириш, иш ҳақи бўйича жамоатчилик назорати ҳамда меҳнат муҳофазасига оид талабларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарур эканлиги таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги Ёшлар бирлашмалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларни ёшларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш бўйича белгилаб олинган вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилишига эришиш зарур эканлиги қайд этилди.
Мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси Улуғбек Жалменов, Федерациянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Сайфулла Аҳмедов, Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов, Хоразм вилоят Кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳоджон Ханапияев, Навоий кон-металлургия комбинати ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Исроил Раҳматов ва бошқа мутуасаддилар сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан сўнг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан келиб чиққан ҳолда 2024 йилда касаба уюшмалари олдида турган асосий устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Ижтимоий-меҳнат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан касаба уюшмаларининг таклиф ва хулосаларини киритишнинг янги тизимини йўлга қўйиш, жамоа келишувлари ва шартномаларини тузиш ва рўйхатга олиш бўйича ахборот тизимини ишга тушириш, Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида касаба уюшмаларининг дастурларини ишлаб чиқиш, уларда ёшларни касаба уюшмаларига жалб этиш, ишлаётган ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўзда тутиш йўналишларида аниқ ва мақсадли вазифалар белгиланди. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида Гендерга оид аудитни ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш, “Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси” фаолиятини тизимли давом эттириш, Президентимизнинг 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида таъкидлаган “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак” деган сўзларидан келиб чиқиб, ҳар бир касаба уюшмаси ташкилотида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш зарур эканлиги таъкидланди. Бундан ташқари, касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ўтказиладиган спорт тадбирларининг қамрови оширилиши, профессионал спортни ривожлантиришга кўмаклашиш соҳасидаги ишлар 2024 йилда ҳам тизимли равишда давом эттирилиши, Федерация тасарруфидаги мавжуд соғломлаштириш масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгиларини барпо этиш, Болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилиши қайд этилди.
Шунингдек, Бош кенгаш мажлисида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хотин-қизлар кенгашининг янги таҳрирдаги Низоми ва кенгаш таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг айрим қарорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг айрим ваколатларини Ижроия қўмитага бериш тўғрисида”ги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Бош кенгаш мажлисида касаба уюшмалари тизимида ижтимоий объектлар, хусусан, санатор-курорт муассасалари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари қурилиши борасидаги ишлар танқидий таҳлил этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари