25.01.2024. Ижтимоий тармоқлардан бирида “Чимён” санаторийси тўғрисида берилган пост бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлар бошқармаси томонидан ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида санаторийнинг 401-хонасидаги камчиликларни видеотасвирга туширган дам олувчилар билан суҳбатлашилганда маълум бўлдики, мазкур дам олувчилар санаторийдаги 218-хонага жойлашганлар ва мазкур хонада яратилган шарт-шароитлар бўйича ҳеч қандай эътирозлари йўқ эканлигини, хонанинг барча талабларга жавоб беришини билдирдилар.
Аммо, улар ўз танишлари учун яна битта хона сўраб мурожаат қилганларида бўш хона мавжуд эмаслиги сабабли таъмирлашга тушган 401-люкс хонанинг бўшлигидан хабарлари борлигини билдириб, мазкур хонани ўз танишлари дам олиши учун расмийлаштиришни сўрайдилар. Шундан сўнг ушбу хонада танишлари дам олиши учун 1 кунга 365000 (уч юз олтмиш беш минг) сўмдан тўлов қиладилар, аммо негадир улар бу суммани ижтимоий тармоқдаги видеомурожаатда 730 минг сўмлик хона деб нотўғри кўрсатганлар.
Ушбу дам олувчилар санаторийдаги даволаш муолажалари, овқатланиш ва бошқа масалалар бўйича эътирозлари йўқ эканлигини ҳам билдирдилар.
Ўрганишлар натижаларига кўра люкс тоифасидаги хонанинг ўз вақтида жорий таъмирдан чиқарилмагани ва талаб даражасида жиҳозланиши таъминланмагани, бу борада назорат ишларини сусайтирганликлари учун “Чимён” санаторийси директори Д.Раҳмонов ва санаторий супервайзери Ф.Шукуровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддаси биринчи қисми 2-бандига мувофиқ интизомий жарима ушлаб қолиш чораси қўлланилди.
Шунингдек, санаторий бош ҳисобчиси ўринбосари Ф.Ҳусанов ҳамда 3-бўлим хўжалик бекаси Г.Иняминовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддаси биринчи қисми 1-бандига мувофиқ “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати