08.02.2024. Қонунчилигимизда қўшимча ишни бажарганлик учун ҳақ тўлаш қандай амалга оширилади?
Ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган асосий ишга нисбатан бошқа касб (лавозим) бўйича ишни бажараётганда ёки унинг ишлар ҳажмини кўпайтирганда унга қўшимча ҳақ тўланади. Бироқ вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш мансаб йўриқномасига мувофиқ ўз лавозим мажбуриятларига кирадиган шахс зиммасига юклатилганда унга қўшимча ҳақ тўланмайди.
Бу каби қизиқарли савол-жавоблар Қарши шаҳрида янги таҳрирдаги “Меҳнат кодекси” мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш юзасидан ўтказилган семинарда кўп учради. Ўқувда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ёш ходимлар ҳамда олий ўқув юртлари талабалари ўзлари учун зарур ахборот ва кўникмаларга эга бўлишди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори Шамсиддин Сатторов қайси тоифа ходимлар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмаслиги, меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёнидаги янгиликлар, таътиллар ҳақида ҳам зарур маълумотларни бериб ўтди. Ўз навбатида касаба уюшмалари вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори Анвар Хўжақулов корхона ва ташкилотларда қулай меҳнат шароитлари яратиш ва унга доир норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш тўғрисида атрофлича тушунтиришлар берди. У меҳнат муҳофазаси бўйича амалга ошириладиган ишларга мухтасар тўхталди. Шунингдек, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари ва бу бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш, ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, касб касалликлари ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари ҳақида ҳам тавсиялар берди.
Вилоят кенгаши бўлим мудири Ойбек Ҳазратқулов эса меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, бу бўйича “Меҳнат кодекси”га киритилган бандлар ҳақида маъруза қилди.
Ҳуқуқини билган адашмайди, ютқазмайди. Семинар шу боисдан жонли музокараларга бой бўлди.