12.02.2024. Ходимлар ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатлари касаба уюшмалари томонидан ҳимоя қилиниши барчага бирдек аён. Аммо талабаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади? Улар ҳам ўз касаба уюшмаларига эга бўлиши мумкинми?
Бу саволларга жавобни «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонундан излаймиз. Мазкур қонунда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек, касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя қилиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.
Кўриниб турибдики, талабаларда ҳам ўзларининг касаба уюшмаларини тузиш, ушбу йўналишда турли ишларни амалга ошириш имконияти бор.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида талабалар ташаббуси билан талабалар касаба уюшмаси ташкилоти тузилди. Таъсис йиғилишида иштирок этганлар уни ташкил этишнинг фойдали жиҳатлари, ушбу ташкилот томонидан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди. Жумладан, талабаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оғир аҳволга тушиб қолганларига кўмак беришда касаба уюшмаси ташкилотининг ўрни алоҳида эканлиги қайд этилди.
Таъсис йиғилишида касаба уюшмаси ташкилоти қўмитаси таркиби, унинг раиси ҳамда ўринбосарлари сайлаб олинди. Касаба уюшма ташкилоти томонидан ўқув йили якунига қадар амалга ошириладиган ишлар режаси ҳам келишиб олинди.
– Қўмита таркибига сайланганлигим зиммамга алоҳида масъулият юклайди, – дейди академия талабаси Камола Абдувалиева. – Талабалар касаба уюшмасида фаолият юритиш келгусида катта тажриба мактабини ўташи шубҳасиз. Академиядаги қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга асосий эътиборни қаратишни мақсад қилдим.
Кун тартибига киритилган ҳар бир масала делегатлар томонидан қизғин муҳокама қилинган йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар касаба уюшмаларига аъзолик талабалар учун қанчалик керак ва зарурлигини кўрсатди.