23.02.2024. Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали меҳнат жамоасининг 2023-2025 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасининг ўтган йилда бажрилиши бўйича конференция йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 38 нафар делегат ҳамда 70 нафардан ортиқ меҳнат жамоаси вакиллари иштирок этди.
Аҳоли саломатлиги йўлида хормай-толмай меҳнат қилиб келаётган жонкуяр тиббиёт ходимларининг меҳнати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хизматга шай саломатлик посбонларининг иши осон эмас. Шу боис ҳам уларнинг меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ҳимояси ва саломатлигини мустаҳкамлаш маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг эътиборида. Қолаверса, ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш жамоа шартномасида ўз аксини топган бўлиб, ундаги бандларнинг ижросига жиддий эътибор қаратилган.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан сўз олган Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали директори ўринбосари Н.Отажонов ва филиал касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ф.Вахобованинг ўқиб эшиттирилган ҳисоботида бунга яна бир бор амин бўлдик.
Жамоа шартномаларига киритилган қўшимча имтиёзларнинг бажарилиши натижасида ҳар бир ходимга ўртача сарфланган маблағ 9 млн. 215 минг сўмни, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сарфланган ўртача маблағ эса 2 млн. 518 минг сўмни ташкил этди.
Айниқса, меҳнаткашларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, оммавий спорт турларига жалб этиш, санаторийларда саломатликларини тиклаш, юртимиз бўйлаб саёҳатларга олиб бориш, кўмакка эҳтиёж сезган, кам таъминланган оилаларга доимий равишда эътибор қаратилди.
Конференция иштирокчилари 2023-2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши бўйича филиал маъмурияти ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан амалга оширилган ишларга қониқарли баҳо бердилар. Конференция сўнгида муассасанинг Жамоа шартномасига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси Дилором Тошматова, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шохидахон Каримова йиғилиш қатнашчиларининг қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.