23.02.2024. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5020-сонли қарори ҳамда хотин-қизларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшма тадбирлар дастурлари ижросини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли хотин-қизларнинг ихтирочилик ва инноваторлик даражаларини аниқлаш ва хотин-қизлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида тармоқ тизимидаги корхоналарда “Энг фаол инноватор аёл” кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Тармоқ тизимидаги “Қўнғирот сода заводи” МЧЖда ҳам “Энг фаол инноватор аёл” кўрик-танлови юқори кайфиятда ташкил этилди.
Танлов давомида ҳар бир иштирокчининг қилган тақдимоти ҳакамлар ҳайъати томонидан синчковлик билан кузатилиб, савол-жавоблар орқали баҳолаб борилди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан масъуллар тадқиқотчилар томонидан таклиф этилган лойиҳалар долзарблиги, муҳимлиги ва бугунги ишлаб чиқариш жараёнида иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига ижобий таъсир этиши билан эътиборга молик эканлигини айтиб ўтдилар. Шунингдек, тадқиқотчи аёллар сафини янада кенгайиб боришига зарурий имкониятларни яратиб бериш муҳимлигини таъкидладилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра 1-ўринни Гулсанем Широзова, 2-ўринни Лаура Тажимуротова ва 3-ўринни Дилноза Ибрагимова эгалладилар.
Ғолиблар корхона ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси