23.02.2024. Тошкентда “2021-2025 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури”ни самарали амалга ошириш механизмларини яратишни таъминлаш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси – “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистондаги уч томонлама ижтимоий шериклар – Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси мутасаддилари, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги Координатори в.б. Консуэло Видал Брюс, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюроси директори Михаил Пушкин, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги муносабатлар йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури имзоланган. Аввалгиларидан фарқли равишда хозирги мамлакат дастурини амалга ошириш ишлари ҳар икки йилда қабул қилинадиган ва аниқ тадбирларни ўзида мужассам этган “Йўл харитаси” асосида олиб борилади.
Давра суҳбатида “2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини самарали амалга ошириш механизмларини яратишни таъминлаш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси, яъни “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш хусусида сўз борди.
– Биз Халқаро меҳнат ташкилотини халқаро майдондаги асосий ҳамкорларимиздан бири деб ҳисоблаймиз ва ҳар томонлама ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиб келмоқдамиз. Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, меҳнат муносабатлари ва ижтимоий мулоқотни янада фаол ривожлантиришга қаратилган ва ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур давра суҳбатида Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари, уч томонлама ҳамкорлар ва соха мутахассислари “Муносиб меҳнат масалалари бўйича мамлакат дастури”ни амалиётга тадбиқ этиш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган йўл харитасини ишлаб чиқишда ўзларининг мулоҳаза ва таклифлари билан катта ҳисса қўшишларига шубҳа йўқ, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Одам савдосига қарши қурашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия аъзоси Бахтиёр Махмадалиев. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ва ислоҳотлар доирасида эришилган натижалар бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар самараси сифатида Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларининг фаол тарғиб этилаётгани, мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида мавжуд тўсиқлар енгиб ўтилиб, меҳнат муносабатларини ривожлантириш янги босқичга кўтарилганини келтириб ўтиш жоиз. Сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда ушбу йўналишда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди ва аниқ натижаларга эришилди. Маълумки, Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси самарали фаолият юритиб келмоқда. Миллий комиссияга раислик қилиш Олий Мажлис Сенати раисига юклатилганлиги ушбу масалаларга мамлакатимизда катта эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича миллий ва ҳудудий комиссияларнинг ташкил этилиши, шунингдек, ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг таъсис этилиши миллий ва маҳаллий даражада ҳар томонлама, мувофиқлаштирилган ва таъсирчан ишларни амалга ошириш имконини бермоқда.
Мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги ишлар биринчи навбатда, миллий қонунчиликни ва ташкилий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, халқаро стандартларни имплементация қилишга, институционал асосларни ривожлантиришга, соҳада амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини тизимли таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларнинг ечимига тизимли ёндашишга, шу билан бирга, фуқаролик жамияти вакиллари ва тегишли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.
Охирги 3 йилда ушбу йўналишдаги қонунчилик базасини замон талабларидан ҳамда халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Олиб борилган ишларнинг самараси ўлароқ 2023 йилнинг декабрь ойида комиссия Одам савдосига қарши қурашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди.
Ўзбекистонда миллий меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва халқаро меҳнат стандартлари қўлланилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида 2022 йилда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Мехнат кодексини янги тахрирда ишлаб чикиш жараёнида Халкаро Мехнат Ташкилотининг 94 та конвенцияси ўрганилди, 60 дан ортиқ хорижий давлатларнинг тажрибалари таҳлил этилди.
Шунингдек, охирги 2 йилда ХМТнинг 2 та конвенцияси ратификация қилинди, булар “Халқаро меҳнат ташкилотининг қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 167-сонли ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 148-сонли Конвенцияларидир.
Мамлакатимизда инклюзив ва адолатли иқтисодий ўсиш натижасида ёшлар, аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун яратилган бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Барчамизга маълумки, Ўзбекистонда аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. 2020 йилдан бошлаб доимий аҳолининг умумий ўсиши ҳар йили ортиб бормоқда. 2024 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион кишидан ортиқни ташкил этмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётда банд бўлганлар сони 14,1 миллион кишини ташкил этади. Ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшлар вояга етиб, меҳнат бозорига кириб келади. Бу борада мамлакатимизда ҳар йили янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурлари қабул қилиниб, амалга ошириб келимоқда.
Энг заиф қатламларнинг сифатли ва инклюзив кўникмаларини ривожлантириш ва ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияларига асосланиб “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси” ишлаб чиқилди ҳамда 2022 йилда қабул қилинди. 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Мазкур агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилалар турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ижтимоий мулоқотни ҳамда ижтимоий шерикларнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласи ҳам доимий диққат марказидадир. Ижтимоий ҳамкорликни амалга оширишнинг асосий самарали механизмларидан бири сифатида мамлакатимизда фаоллашган ижтимоий мулоқотнинг ролини алоҳида таъкидлаш зарур.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий мулоқотнинг ўзига хос формати шаклланди. Бу эса ўз навбатида, халқаро стандартларни ратификация қилиш, ижтимоий мулоқотни фаоллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини кенг кўламли ижтимоий масалаларни ҳал этишга жалб қилиш, давлат органлари ва тузилмалари фаолиятининг шаффофлигини ошириш, шу жумладан, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, халқаро ва миллий экспертлар иштирокида ишлаб чиқиладиган “Йўл харитаси” мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш ва Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятлар очади.
Давра суҳбати иштирокчилари 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда устувор йўналишлар бўйича янги таклиф ва мулоҳазаларни ишлаб чиқдилар. Хусусан, 1-гуруҳ аъзолари “Меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, меҳнат инспекцияси ва меҳнат муҳофазаси”, 2-гуруҳдагилар “Инклюзив ва адолатли иқтисодий ўсиш натижасида ёшлар, аёллар ва аҳолининг заиф қатламлари учун яратилган бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш”, 3-гуруҳ аъзолари “Аҳолининг энг заиф қатламларини сифатли ва инклюзив таълим олиш ва ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш”, 4-гуруҳ аъзолари “Ижтимоий мулоқотни ва ижтимоий шерикларнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш”, 5-гуруҳдаги мутахассислар “Корхоналарни ривожлантиришга, яшил иш ўринларини яратишга адолатли ўтиш учун қўшилган қийматнинг «яшил» занжирлари имкониятларидан фойдаланишга кўмаклашиш” мавзуларини муҳокама қилдилар.
Шундан сўнг гуруҳ муҳокамалари натижаларининг тақдимоти ва умумий мунозара бўлиб ўтди.
Давра суҳбати якунида «2021-2025 йиллар учун муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури»ни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш борасидаги кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари