[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.02.2024. Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабида Жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши муҳокама қилинди.

Унда  маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси Жамоа шартномалари ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ходимлар олдида ҳисобот бердилар.

Хусусан, касабақўм раиси Қаҳрамон Ғаффоров ҳисобот берар экан, мактабда педагогларни меҳнатига яраша рағбатлантириш чора-тадбирлари йилдан-йилга кучайтириб борилаётганини таъкидлади. Жумладан, ўтган йили шогирдлари “Ёш ижрочилар” Республика кўрик-танловида ғолиб бўлган 7 нафар ўқитувчи муносиб тақдирланди. “Маданият ва санъат ходимлари куни” муносабати билан фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган олти нафар илғор ходим моддий рағбатлантирилди.  26 нафар ўқитувчи эса Бухоро шаҳри бўйлаб саёҳатга олиб чиқилди. Қайд этиш ўринлики, Бухорои шарифга ташриф самарали бўлди. Хусусан, қаршилик педагоглар Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабида концерт дастурини тақдим этиш билан бирга ҳамкасблар билан тажриба алмашишди.

Муассасада таълим жараёнини ривожлантиришда ёш мутахассислар иштирокини янада ошириш ҳамда ёшларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида комплекс дастур ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Олти нафар ёш мутахассисдан иборат кенгаш бу борадаги жараёнларга масъул этиб белгиланган.

Касаба уюшма қўмитаси томонидан мактаб кутубхонасига 800 минг сўмлик китоблар олиб берилди. Ходимларнинг спорт билан шуғулланишлари учун 1 миллион сўмлик спорт анжомлари ҳарид қилинди. Педагогларнинг 14 нафар фарзанди Яккабоғдаги “Истиқлол ғунчалари” оромгоҳида имтиёзли  соғломлаштирилди.

Касаба уюшма қўмитаси мамлакатимиздаги байрам саналарини юқори савияда нишонлаш мақсадида мактаб жамоаси ва ўқувчилари ўртасида турли кўрик-танловлар, ҳисобот концертлари ўтказиш ва фаол иштирокчиларни муносиб тақдирлашни анъанага айлантирган. Бундан ташқари, иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ходимларнинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлаётгани музокаралар чоғида алоҳида эътироф этилди. 

Маннон Мансуров