[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.03.2024. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг Малака ошириш институтида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан “Ижтимоий мулоқот: Хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида кенгайтирилган давра суҳбати ўтказилди. Унда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда касаба уюшма ташкилотларининг роли ҳамда ижтимоий мулоқот принциплари ва меҳанизмлари хусусида сўз борди. Давра суҳбатида худудий тармоқ касаба уюшмаси такшилотлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, мазкур жараёнларда тармоқ касаба уюшмасининг ўрни, эришилаётган ютуқлар ва галдаги долзарб вазифалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташабуслари билан таълим тизимини янада такомиллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш ва гендер масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони билан «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, ушбу тадбирлар режасининг 1-бўлими тўлиқ таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган. Яъни, дарсликлар, муносиб шароитлар яратиш, хорижда педагоглар тажрибасини ошириш, уларни ишга қабул қилишда саралаш, профессионал таълимни ривожлантириш, Олий таълим муассасалари педагоглари фаолияти ҳамда олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, бўлажак мутахассисларни меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш каби вазифалар келтирилган.

Ушбу ҳужжатда 25-мақсад қилиб: “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш” йўналиши белгиланган.

2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимида 18 минг 227 та муассаса ва ташкилотда меҳнат қилаётган 1 миллион 136 минг 173 нафар касаба уюшма аъзоси қамраб олинган. Улардан 798 минг 265 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади.

Касаба уюшма аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида тегишли вазирликлар билан 2 та тармоқ келишуви имзолаган. Тармоқ келишувлари ходимларнинг ижтимоий – иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси, уларнинг меҳнат ва дам олиши, соғломлаштирилиши, меҳнат муносабатларини янада тартибга солиш, меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган меҳнат меъёрларини ўз ичига олган.

Давра суҳбати иштирокчилари соҳада фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилиши, меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва бу борада иш берувчилар билан кўпроқ ижтимоий музокараларга киришиш ҳамда ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича кўпроқ тарғибот-ташвиқот қилишда ижтимоий масъулиятни ошириш масалаларига эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари мутасаддиларининг маърузалари тингланди.

Маърузачилар томонидан касаба уюшмаси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги, ўтказилган Давра суҳбати таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришда ўз ижобий самарасини беришини алоҳида таъкидланди.

Ижтимоий мулоқот давомида тизимдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан қизиқарли савол- жавоблар ҳам бўлди.

Тадбир якунида соҳадаги фаол хотин-қизлар тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан муносиб тақдирланди.

Лазокат Турикова

Ўзбекистон таълим ва фан  ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси