[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.05.2014. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан жорий йилнинг 8 май куни пойтахтимиздаги “Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати”да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Маълумки, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Мустақилик йилларида диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида амалда қадр топиб, уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларга эъзоз кўрсатиш, кексаларни қадрлаш билан бирга ўтганларни хотирлаш, уларнинг ибратли ишларини ёд этиб, эҳтиром кўрсатиш ишлари ибратли анъанага айланди.

Бугунги кунда ўлкамизнинг турли гўшаларида Ўзбекистон равнақи, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқ тинчлиги учун курашган юртдошларимизни эъзозлаш, орамизда бўлмаганларни хотирлашга бағишланган тадбирлар ўтказилиб, кекса ва ёлғиз иноснлар ҳолидан хабар олинмоқда.

Мазкур йўналишлардаги эзгу ишларга касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида Республикамиз Президентининг 2014 йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги Фармонидан келиб чиққан ҳолда Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 3868 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига касаба уюшмалари томонидан манзилли ёрдам  кўрсатилди.

Шунингдек, байрам арафасида жаҳон стандартлари асосида капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларнинг илк дам олувчилари ҳам уруш ва меҳнат фахрийлари бўлдилар. Хусусан, катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг янгича қиёфа касб этган “Оқ тош”, “Турон”, “Чортоқ”, “Чинобод”, “Ботаника”, “Бўстон”, “Зомин”, “Косонсой” каби санаторийларга Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 60 нафар иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси учун бепул йўлланмалар топширилди. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб, ҳар бирларига алоҳида тиббиёт ҳамширалари бириктирилди. Мазкур сиҳатгоҳларда янгидан барпо этилган маъданли сув галереяси, амфитеатр, фито мажмуа, капитал таъмирдан чиқарилган даволаш мажмуи ва физиотерапия бўлимларида қўли енгил малакали шифокорлар отахону онахонларга беминнат хизмат кўрсатмоқдалар.

Ватанимиз истиқболи, турмушимиз ободлиги йўлида меҳнат қилиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган меҳнат фахрийлари ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Касаба уюшмалари томонидан мана шундай фидоий инсонлар хонадонларига ташрифлар уюштирилиб, совға-саломлар топширилди. Шунингдек, касаба уюшма фаоллари ташкилотчилигида 300 нафарга яқин уруш ва меҳнат фахрийларининг буюк алломалар қадамжоларига, диёримиздаги тарихий шаҳарларга ва мустақиллик йилларида бунёд этилган иншоотларга саёҳатлари уюштирилди. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган 182 нафар Ватан ҳимоячиси оиласидан хабар олиниб, манзилли ёрдам кўрсатилди.

Пойтахтимиздаги “Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати”да ўтказилган байрам тадбирида ҳам тиббий-ижтимоий муассаса ҳисобланган ушбу масканда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийларига байрам кайфиятини улашиш билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши совғалари етказилди. Даврага таниқли санъаткаорлар ва ёш истеъдод эгалари ижросидаги куй ва қўшиқлар янада файз бағишлади. Бундай тадбирлар Республикадаги бир қатор “Саховат” уйлари, уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатларида ташкил этилиб, кексалар, жисмоний имконияти чекланган ҳамда ёлғиз  инсонлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 майдаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва унга аъзо ташкилотлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишлардаги ишлар касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олиниб, ижтимоий ҳимояталаб ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий иқтисодий-манфаатларини ҳимоялаш билан бирга уларнинг жамият ҳаётига интеграциялашуви таъминланмоқда. Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлар томонидан 2011-2015 йилларда 13 минг нафардан ортиқ ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш тадбирлари белгиланган бўлиб, 2013 йил давомида касаба уюшмалари томонидан 12 минг 779 нафар шу тоифадаги инсонларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 млрд. 711 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланди.  Хусусан, ёлғиз кексалар, пенсионерларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш мақсадида моддий ёрдамлар кўрсатилди. Республикамиздаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларига хомийлик ёрдамлари берилди. 220 нафар кўзи ожиз қариялар ва талаба-ўқувчилар махсус аппаратлар, плеер ва ўқув қуроллари билан таъминланди. 

Жорий йилда ҳам ушбу эзгу ишлар давом эттирилиб, бугунгача ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича “Ҳар бир инсон меҳр-эътибор оғушида” чора-тадбирлар мажмуи доирасида уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, дори-дармонлар билан таъминлаш, коммунал хизматлар ҳаражатларини қоплаш, уй-жойларини таъмирлаш, соғломлаштириш, парвариш кўрсатиш, турли байрамлар муносабати билан ҳолларидан хабар олиш ҳамда саёҳатлар уюштириш каби тадбирларга касаба уюшма ташкилотлари томонидан 108,5 млн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Бундан ташқари жисмоний имконияти чекланган инсонларга ижтимоий кўмак тадбирлари амалга оширилди. Ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурлари доирасида охирги йилларда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали уруш ва меҳнат фахрийларига, ногиронларга, кўп болали, кам таъминланган ва ёш оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, уларнинг маданий дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Корхона, ташкилотларда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ҳозирда нафақада бўлган уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига, жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар)га байрам совғалари бериш, шунингдек, уларни театр, концерт ва бошқа маданий-маърифий тадбирларга жалб этиш ишлари олиб борилмоқда. Жамоа шартномалари орқали  ижтимоий ҳимояталаб пенсионер ва ногиронларнинг коммунал-маиший хизматлар тўловларини қоплаб бериш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Тармоқ касаба уюшмалари томонидан тизимда кўп йиллар ишлаб нафақага чиққан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг холидан  ҳабар олиниб, уларга озиқ-овкат маҳсулотлари тўпламлари ажратилмоқда. “Наврўз”, “Мустақиллик”, “Рамазон ҳайити”, “Қурбон ҳайити”, “Халқаро ногиронлар куни” байрамлари арафасида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда.

“Касаба уюшмалари – фахрийларга” йиллик доимий акцияси давом этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати

Қўшимча маълумот

“ТУРОН” санаторийси  

Тошкент шаҳрида жойлашган, юрак-қон томир ва асаб тизими, андрологик ва гинекологик касалликлари бўлган беморларни даволашга ва соғломлаштиришга ихтисослашган маскан. Миокард инфарктини бошдан кечирган беморлар учун саломатликни тиклаш – реабилитиция бўлими фаолияти йўлга қўйилган.

Даволаш омилларига: иқлим билан даволаш, физиотерапия, даволаш бадан тарбияси, кам минераллашган хлорид-гидрокарбонат-сульфат-натрийли ва радонли маъданли ванналар, бассейн ва душлар кўринишидаги турли сув билан даволаш усуллари, балчиқ билан даволаш киради.

Ташхис қўйишда ва даволашда компьютерли ЭКГ ва УЗД аппаратлари, клиник ва биохимик лабораториялар, тор мутахассислар: кардиолог, невропатолог, уролог-андролог, гинеколог, дерматолог, окулист, психотерапевт ва стоматолог каби малакали шифокорлар лар фаолияти йўлга қўйилган.

Ётоқ бинолари барча қулайликларга эга, бир ва икки ўринли шинам хоналардан иборат.

Санаторий ошхонасида лаззатли парҳез таомлар билан бирга “дармондорилар столи” ҳам ташкил этилган.     

Ҳордиқнинг янада мазмунли бўлишини таъминлаш мақсадида дам олувчиларга маданият саройи, кутубхона, спорт майдончалари хизмат кўрсатмоқда. Турли маданий-маърифий тадбирлар билан бирга вақти-вақти билан диққатга сазовор масканларга саёҳатлар уюштирилади.