18.03.2024. Жорий йилнинг 16-18 март кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия хашарида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Ҳашар доирасида корхона, ташкилот ва муассасалар жойлашган ҳудудларни ободонлаштириш, саранжом-саришта қилиш, янги ниҳоллар ва гул кўчатларини экиш ишлари амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши ходимлари томонидан ҳашар доирасида чор-атроф тартибга келтирилди, арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Дарахтлар оқланиб, бино ичкариси ва ташқарисига турли манзарали гул кўчатлари экилди.
Шунингдек, касаба уюшмалари вилоят кенгашининг тармоқлари кесимида 3 мингдан ортиқ ташкилот ва корхонада меҳнат қилаётган 180 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар ташаббус кўрсатиб, 100 дан ортиқ зиёратгоҳ ва қабристонларни обод қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшдилар, 120 минг тупга яқин турли дарахт кўчатлари ва гуллар экиб, 500 мингга яқин дарахтга шакл бериб, оқладилар.
Бундан ташқари касаба уюшмалари ташаббуси билан саховатпеша инсонлар кўмагида уй-жойи таъмирга мухтож бўлган эҳтиёжманд 275 та оила хонадонини тартибга келтиришга кўмаклашилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати