13.04.2024. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ангор тумани кенгаши тасарруфида 78 та бошланғич ташкилот бўлиб, улар ўз сафларига 4369 нафар касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган. Бу кўрсаткич ўтган йилга қараганда 524 нафарга ошгани соҳа ходимларининг касаба уюшмасига бўлган ишончи ортаётганини тасдиқлайди. Қувончлиси, хусусий ва ижтимоий шериклик асосида фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари ҳам касаба уюшмасига ихтиёрий равишда аъзо бўлаётганидир.
Таъкидлаш жоизки, ходимлар манфаатини таъминлашга, саломатликларини тиклашга оид саъй-ҳаракатлар ҳам тобора яхшиланиб бораётир. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш мақсадида кенгаш томониданСамарқанд, Бухоро, Хоразм ҳамда воҳамизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этиляпти. Хусусан, ички туризмни ривожлантириш мақсадида таълим соҳасида ишлаётган педагог ходимлардан 48 нафари Тошкент шаҳрига саёҳатга юборилди.
Таълим соҳаси ходимлари ўртасида спортнинг 5 та тури бўйича спартакиада ташкил этиш анъана тусини олган. Ушбу беллашувларда иштирок этувчилар сони йил сайин ортиб, 300 нафарга етди. Мусобақа ғолиблари эсдалик совғалари ҳамда махсус дипломлар билан тақдирланди. «Спорт – саломатлик гарови» шиори остида ўтказилган мусобақаларда ҳам аъзоларимиз фаол қатнашишмоқда.
Иш берувчи ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари ўртасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси тузилган бўлиб, бултур ушбу шартнома бандлари бажарилиши бўйича таълим муассасаларида йиғилишлар ўтказилди. Унда барча ходимлар касаба уюшмалари ҳимоясида экани таъкидланиб, жамоатчилик назорати ўрнатилгани қайд этилди.
Дилафрўз Хўжанова
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ангор тумани кенгаши раиси