15.03.2014. Касаба уюшмалари ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш мақсадида кўплаб тизимли тадбирларни амалга оширмоқда. Худди шундай оммавий тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Касаба-тур” веломарафонидир.
– Жорий йил баҳор кунларидан бошланган веломарафонда иштирок этувчилар сони бир неча маротабага кўпайди, – дейди Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири А.Абдусаидов. – Бу велоспортнинг тобора оммалашаётганидан даракдир. Мусобақанинг қуйи босқичига алоҳида тайёргарлик кўрилди. Чунки, “Касаба-тур” турли соҳа ходимларининг ўзига хос оммавий мусобақасидир. Шу боис ушбу босқичда ҳар бир корхона ташкилот ва муассасада меҳнат қилаётган инсонлар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда вилоят миқёсида дастлабки босқич мусобақалари қизғин бормоқда.
Аҳамиятли томони шундаки, спортнинг мазкур турига қизиқувчилар орасида 60 ёшдан ошган инсонларни ҳам кўплаб учратишингиз мумкин.
– Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти доценти Убайдулла Қосимов саломатлигини ўйлаб, қарийб чорак асрдан бери велоспорт билан шуғулланади, – сўзида давом этади А.Абдусаидов. – Ўтган йили унинг ғолиблар сафидан ўрин олгани ҳам бежиз эмас.