25.04.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федераcиясининг Қорақалпоғистон кенгаши томонидан 28 апрель – «Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни»га бағишлаб “Иқлим ўзгаришининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига таъсири” мавзусидаги тадбир ўтказилди.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти ташаббуси билан 2003 йилдан буён анъанавий равишда ҳар йили кенг миқёсда нишонланиб келинаётган ушбу санада ўтказилаётган тадбирлар дунё жамоатчилиги нигоҳини долзарб масалаларга қаратиш, хусусан, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар, ходимларнинг касб касалликларига чалинишлари, иқлим ўзгариши туфайли ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни кучайтиришдан иборатлиги билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Халқаро Меҳнат Ташкилоти аъзо бўлган ҳар бир давлат иқлим ўзгаришининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига таъсир қилишини аллақачон англаб етди. Негаки, иш жойларидаги юқори ҳарорат юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари, ўлим билан боғлиқ ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Иқлим ўзгариши туфайли ходимлар иссиқлик стресси, ишлаб чиқаришда жароҳат олишлари оқибатида меҳнат унумдорлигининг пасайиб кетиш хавфи юзага келиши мумкин. Бу, айниқса, очиқ ҳавода ёки иссиқ хоналарда фаолият олиб борувчи меҳнаткашлар учун хавфли ҳисобланади.
Иш жойларидаги хавфсизликка эга бўлган меҳнат шароитлари бу – хавфсиз ва соғлом шароитларга бўлган ҳуқуқий асос ҳамда ходимлар қадрланиши ва рағбатлантирилишидир.
Барча томонларнинг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий яхшилашдаги иштироки – иқлим ўзгаришининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси йўлидаги самарали ҳаракатини шакллантиради.
Глобал ривожланиш жараёни зиммамизга янги вазифаларни юкламоқда. Мақсад соғлом муҳитни яратиш орқали ходимлар хавфсиз ва қулай шароитларда меҳнат қилишини таъминлашдан иборатдир.