[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.05.2024. Ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси ва матонати, инсонпарварлик фазилатлари авлодлар учун муқаддас хотира ва одамийликнинг юксак намунаси бўлиб қолмоқда.

Бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт учун азиз жонини фидо қилган аждодларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини муносиб давом эттириш тинчликни буюк неъмат деб биладиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Шу боис отахону онахонлар эртаю кеч тинчликнинг қадрига етиш, бугунги осойишта ҳаётимизни қадрлаш асносида урушни батамом қоралаб, ёшларга ушбу эзгу фазилатларни сингдириб келмоқдалар.

Айни кунларда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари томонидан уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлашга қаратилган тизимли тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ўтказилди.

Тадбир доирасида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Иттифоқ, Олмос маҳаллалари, Чилонзор туманидаги Оқтепа маҳалласида ижтимоий ҳимояталаб кекса авлод вакиллари ҳамда фахрийлар ҳолидан хабар олинди.

– Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон қадрини улуғлаш, хусусан, кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш масқадида амалга оширилаётган тизимли ишларга касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссасини қўшишдир, – деди Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Нигора Алимжонова. – Улар билан учрашувлар жараёнида ёшларимиз ўзларига ибрат бўладиган кўплаб қадриятлардан баҳраманд бўлмоқдалар.

Кексаларимиз хонадонларига ташриф буюрган тармоқ касаба уюшмаси вакиллари билан бўлиб ўтган самимий суҳбат асносида уруш ва меҳнат фахрийлари ёрқин хотиралари билан ўртоқлашиб, бугунги доруломон кунлар учун Президентимиз ҳақларига дуолар қилдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати