[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.07.2014. Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларининг “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси” асосида ташкил этилиши натижасида мазкур соҳадаги ишлар сифати ва самарадорлиги бир неча баробарга оширилди. Натижада бугун болалар оромгоҳлари фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари сифатида эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантирувчи масканлар сифатида фаолият юритмоқда.

Жорий йилги мавсум қизғин давом этаётган айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан барча оромгоҳларда мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар, болалар акциялари ташкил этилмоқда. Наманган вилоятининг хушманзара Нанай қишлоғида жойлашган “Камалак” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилган “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси ҳам “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилди. Ўғил-қизлар маънавиятини юксалтириш, уларда Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат туйғуларини юксалтириш мақсадида ташкил этилган мазкур акция доирасида оромгоҳда дам олаётган болажонлар ўртасида “Юрагимга жо бўлган Ватан” мавзуидаги расмлар ва қўшиқлар танлови ҳамда спортнинг бадиий гимнастика, енгил атлетика, сузиш каби 5 турини ўз ичига олган спартакиада мусобақалари ташкил этилди.

Мазкур танловларда ёш авлод вакиллари қалбларидаги Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат каби туйғуларни ўз ижодларида намоён этдилар. Акция доирасида ташкил этилган кўргазмалар болажонлар истеъдодининг янги қирраларини очиб берди. Хусусан, табиат қўйнида яратилаётган Ватан манзаралари, болажонлар ижросидаги Она юртни мадҳ этувчи жарангдор куй ва қўшиқлар барчани бирдек руҳлантириб, жаннатмакон диёримизга бўлган севги ва садоқатимизнинг нечоғлик юксак эканлигини яна бир карра намоён этди. Айниқса, оромгоҳда дам олаётган Янгиқурғон туманидаги 32-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Адиба Равшанова томонидан мўйқалам тасвирларида акс эттирилган Она Ватан, севимли диёр манзаралари, юртимиздаги бунёдкорлик ишлари, озод ва обод ҳаётдан ҳикоя қилувчи этюдлар кўргазмаси тенгдошларида катта таассурот уйғотди.

Ушбу танловларда юқори натижаларни қўлга киритган ёш истеъдодларга Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан совғалар топширилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги мазкур оромгоҳ “Спорт-соғломлаштириш” ва “Бадиий ижодкорлик” йўналишларига ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда мавсумнинг ҳар бир навбатида 400 нафардан ортиқ бола дам олдирилмоқда. Ўтган йили Манзилли дастур асосида замонавий услубларда барпо этилиб, фойдаланишга топширилган бу масканда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Хусусан, оромгоҳда маънавият ва маърифат хонаси, тиббиёт маркази, киноклуб, мазали таомлар тайёланаётган ошхона, зилол сув ҳавзаси, соя-салқин дам олиш айвончалари болажонлар хизматида. Ҳордиқ чиқараётган ўғил-қизларнинг ҳорижий тиллар ва компьютер бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган махсус марказлар зарур техникалар билан жиҳозланган. 10 дан ортиқ тўгарак машғулотлари ўтказишга мўлжаллаб ташкил этилган хоналарда болажонлар миллий чолғу ижрочилиги, якка хонандалик, зарбли чолғулар, рақс, тасвирий санъат, моҳир қўллар, уй тутиш санъати, бадиий гимнастика, енгил атлетика, шахмат, шашка каби ўзлари севган машғулотлар билан банд. 2000 дан ортиқ китоб заҳирасига эга бўлган кутубхона эса доимо ёш китобсеварлар билан гавжум. Оромгоҳда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ташкил этилган жонли бурчаклар орқали ўғил-қизлар юртимизнинг бой табиати, ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишмоқдалар.

– Оромгоҳимизда ташкил этилаётган танлов мавзусини эшитишим биланоқ, биринчилардан бўлиб унда иштирок этиш истагини билдирдим, – дейди “Камалак”да дам олиш билан бирга мусиқа тўгарагида шуғулланаётган 6-синф ўқувчиси Навбаҳор Акбарова. – Чунки, Она юртимни кўйлаш – менинг жону дилим. Бу ерга Учқўрғон туманининг Янгиобод қишлоғидан келганман. Оромгоҳда куй ва қўшиқ сирларини ўрганиш билан бирга янги ашулаларни ҳам ўргандим. Бугунги танловда “Ўзбекистон менинг Ватаним” қўшиғини ижро этдим.

– Спорт билан шуғулланиш – севимли машғулотим. Оромгоҳда ўзим қизиққан ушбу йўналишда шуғулланиш имкони борлиги мени жуда қувонтирди, – дейди мароқли ҳордиқ чиқараётганидан мамнунлигини яширолмаган 7-минф ўқувчиси Маҳзуна Аҳмаджонова.  – Ҳордиқ билан бирга бадиий гимнастика тўгарагида шуғулланмоқдаман. Спортнинг бу тари қадди-қоматимизни чиройли бўлиши билан бирга саломатлигимизни мустаҳкамлашга ҳам ёрдам бермоқда. Айниқса, кундалик ташкил этилаётган қизиқарли спорт мусобақалари, таниқли инсонлар ва спортчилар билан учрашувлар орқали биз кўплаб маълумот ва янгиликларга эга бўлмоқдамиз.  

Ҳақиқатдан ҳам, “Камалак” каби ихтисослаштирилган оромгоҳлар болажонлар ҳордиғининг  ҳар бир кунини мазмунли ўтказиш имконини янада кегайтирмоқда. Айниқса, ушбу масканларда ташкил этилаётган  болалар акциялари, маданий-маърифий тадбирлар ёш авлод вакиллари онгига Истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятини сингдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати