10.12.2014. Жомбой туманидаги «JV MAN AVTO — UZBEKISTAN» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бошланғич касаба уюшма қўмитаси билан иш берувчи ўртасида имзоланган жамоа шартномасига кўра, 276 нафар ишловчининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла кафолатланган.
— Жамоа ҳаёти ҳамиша назоратимизда, — дейди бошланғич касаба уюшма ташкилоти етакчиси Маҳмуд Аҳмедов. — Иш жойлари озода, қулай ва соз. Дам олиш хоналарида кўнгилли ҳордиқ чиқариш, қизиқишга қараб телевизор кўриш ёки газета-журналлар ўқиш мумкин. Ишчи-ходимларнинг кийим-кечаклари учун махсус жавонлар ташкил этилган. Замонавий тиббиёт шохобчаси ҳамиша илк тиббий ёрдамга шай. Айниқса, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигига катта эътибор қаратилаётир.
Энг муҳим жиҳат, бу корхонада бахтсиз ҳодисалар қайд этилмаганлигидир. Ишчи-ходимлар махсус кийим, пойабзал ва бошқа ҳимоя воситалари ҳамда сут маҳсулотлари билан мунтазам равишда таъминланяпти. Ҳар бир бўлимда техника хавфсизлиги бурчаги ташкил этилган. Цехларда ҳаво алмаштириш ва иситиш тизими мавжуд. Автомобил эҳтиёт қисмлари ва шиналари махсус хоналарда сақланмоқда. Ёнғин хавфсизлиги масаласи ҳамиша диққат марказида.
Сервис ва дилерлик маркази ҳам мавжуд бўлиб, юк автомобиллари тайёр бўлгач, махсус бўлимда техник кўрикдан ўтказилади ва кўргазма залида намойиш қилинади.