[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.06.2024. «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Сирдарё ҳудудий филиалида ишчи-ходимлар малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айни кезларда навбатчи диспетчерлар, бригада усталари ва ишбошиларидан иборат 20 кишига малакали мутахассислар сабоқ беришмоқда.

– Ҳар ҳафта ана шундай гуруҳлар ўқишини йўлга қўйганмиз, – дейди филиал касаба уюшма қўмитаси раиси Шавкат Мирзабеков. – Тингловчилар ҳамма шароитларга эга ётоқхона ва кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Улар бўш вақтларини кўнгилли ва мазмунли ўтказишлари учун ҳам зарур қулайликлар муҳайё этилган. Авваллари ишчи-ходимларимиз Тошкент шаҳридаги ўқув марказида малака оширишар эди. Эндиликда бундай курслар филиалимиз ҳузурида ташкил этилганидан ҳамма мамнун.

Ўзбекистон Республикаси Миллий электр тармоқлари корхонасининг меҳнатни муҳофаза қилиш ходими Улуғбек Холматов ўтаётган дарслар мазмун моҳияти жиҳатидан анча қизиқарли ва ҳар томонлама фойдали бўлаётир. Амалиёт ва кўргазмаларга таянилган ҳолда олиб борилаётган машғулотларда тингловчилар фаоллик кўрсатиб, билим ва малакаларини мустаҳкамлашмоқда. Шунингдек, уларга касаба уюшмаси қўмитаси ходимлари томонидан жамоа шартномасининг афзалликлари, белгиланган имтиёзлар, меҳнат муҳофазаси бўйича бажарилаётган ишлар, ходимнинг иш берувчи олдидаги, иш берувчининг ходим олдидаги вазифалари тўғрисида тушунчалар берилмоқда.

Тингловчилар дарслардан сўнг шахмат шашка ва мини-футбол ўйнашлари, стол теннисида беллашишлари, ёпиқ сув ҳавзасида чиниқишлари мумкин. Уларнинг саломатлиги доимо тиббий пункт ходимлари назоратида бўлади.

Қайси касб эгалари ўқиш ва изланишдан тўхтамасалар, янги билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштириб борсалар, ўша тизимда ривожланиш бўлади. Ана шунда соҳаларига доир янгиликлар ва илғор тажрибалар билан танишиб, ҳуқуқларига оид маълумотлар олган курс тингловчилари иш жойларига кўтаринки руҳда қайтмоқдалар.

Баҳор Холбекова