24.10.2024. Конституциямизда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш лозимлиги, қонун олдида барча тенглиги қайд этилган. Қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда тегишли ҳужжатларда белгиланган кафолат ва имтиёзларнинг ходимларга нисбатан сўзсиз татбиқ этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда эса касаба уюшмаларининг ҳиссаси катта.
Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси хўжалик юритиши ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, санитария-гигиена ва аҳолига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган ишлар ҳам диққатга сазовордир. Бу кенгаш инспекциясининг Тошкент шаҳар бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори Муҳиддин Содиқов соҳага оид қатор қарорлар ижроси ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиши жараёнида яна бир бор исботини топди.
Бундан ташқари, пойтахтдаги 41 та тиббиёт муассасасида ўтказилган ўрганишлар чоғи улардан 15 тасида турли хато-камчиликлар мавжудлиги аниқланган. Шунга кўра, иш берувчиларга ёзма кўрсатмалар киритилган ва 1960 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланган. 3214 нафар ходимга эса 1 миллиард 87 миллион сўмдан зиёдроқ миқдордаги иш ҳақи қарздорлиги ва меҳнат таътиллари бўйича тўланган пуллардаги фарқ ундириб берилган.
Эндиликда корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги муносабатлар Меҳнат кодексининг тегишли моддаларида ўз ифодасини топган. Қолаверса, Бош қомусимизнинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунан тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги кафолатланган. Шунга биноан, ўтган вақт давомида тиббиёт ходимларидан коронавирус пандемияси даврида орттириб олинган Ковид-19 касаллиги учун бир йўла тўланадиган махсус тўловларни ва иш ҳақига боғлиқ фарқларни ундириш масаласида 23 та мурожаат келиб тушди. Улар асосида 21 та тиббиёт муассасасидаги ҳолат ўрганилиб, 1600 нафар ходимга 7 миллиард 888 миллион 764 минг 324 сўм миқдоридаги иш ҳақини ҳамда махсус тўловларни ундириб беришга эришилди. Шунингдек, 5174 нафар ходимга тегишли қарийб 8 миллиард 977 миллион сўм муаммоси суд орқали ижобий ҳал этилди. Инспекция ходимлар манфаатини кўзлаб, 18 марта фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда қатнашди.
Тиббиёт муассасаларидаги ишларни ўрганиш асносида соҳа ходимлари учун меҳнат қонунчилиги ҳамда «Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш» мавзусида давра суҳбатлари ҳамда семинарлар уюштирилиб, тингловчилар зарур маълумотлар билан таништирилди.
Раъно Маҳкамова