18.07.2014. 2014 йилнинг 18 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги XI мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2014 йил
I ярим йиллиги якунлари тўғрисида;
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида;
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг «Амалдаги айрим меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 16-23-сонли қарорини тасдиқлаш тўғрисида.
Мажлисда, аввало, Федерациянинг 2014 йил I ярим йиллиги давомидаги фаолияти тўғрисида Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди.
Унда, Федерация Кенгаши томонидан йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси бўйича Федерация тизимида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан:
Касаба уюшмалари органларига келиб тушган мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши натижасида 587 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Амалдаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали қарийб 13,6 минг нафар фуқаро ва 46,5 мингга яқин оилага 36,6 млрд. сўмликдан ортиқ ижтимоий кўмак берилди.
Шунингдек, Федерация Кенгаши тасарруфидаги 15 та санаторийда 50 минг нафарга яқин киши, шундан 21 мингдан ортиғи имтиёзли равишда соғломлаштирилди.
Касаба уюшмалари тизимидаги ташкилотлар томонидан аҳолига қарийб 5,6 млрд. сўмлик сервис ва пуллик хизматлар кўрсатилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 130 фоизни ташкил этди.
Болаларнинг ёзги мавсумда мароқли дам олишларини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида «Ишонч» болалар соғломлаштириш оромгоҳи қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, Федерация тизимидаги «Хонжиза», «Мирзо Улуғбек», «Норин», «Чорчинор» оромгоҳларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Санаторийларда ходимлар учун замонавий қулайликлар яратиш мақсадида «Чортоқ», «Ботаника», «Хонқа», «Чимён», Абу Али Ибн Сино номли санаторийларда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, Жиззах вилоятида янги «Ҳавотоғ» санаторийсини барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган Федерация Кенгаши тадбирлар дастурида белгиланган тадбирларнинг барчаси ўз вақтида амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари ҳисобидан 21 млрд. 387 млн. сўм, иш берувчилар ва ҳомийлар ҳисобидан эса 60 млрд. 588 млн. сўм – жами 81 млрд. 975 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, жойларда айрим касаба уюшма органлари фаолиятида учраётган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилиб, уларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Кенгаш аъзоларига батафсил ахборот берилди ва Федерация Кенгаши таркибига ўзгартишлар киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг амалдаги айрим меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 16-23-сонли қарори Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланди.
Кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.