07.03.2014. Истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳукуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, фаолиятни оилавий юмушлар билан уйғун ҳолда олиб боришлари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизда ёлни қадрлаш, оғир ишлардан халос этиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари бутун жамиятнинг бурчи сифатида давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Эътироф этиш керакки, Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан юртимизда аёллар масаласида 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳам ўз фаолиятида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимларнинг қарийб 50 фоизини ташкил этувчи хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларни кучайтириш мақсадида Федерация Кенгаши қошида Хотин-қизлар Кенгаши фаолият кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Жамоа шартномалари ва келишувларига аёллар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлим ва бандларнинг киритилиши, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган хотин қизлар учун имтиёз ва қулайликлар кўламини янада кенгайтириш имконини берди.
Хусусан, жамоа шартномалари орқали ўтган йили 5,5 мингга яқин корхонада 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 11,5 минг нафарга яқин ёш онага қарийб 4 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулки шаклидаги 2,5 мингга яқин корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 7 минг 360 нафар болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда, ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти ўрнатилди. Шунингдек, жамоа шартномалари орқали хотин-қизларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, касаба уюшмаларининг “ишонч телефонлари” орқали бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида меҳнат бозорида улар манфаатларини ҳимоялаш, ишловчи аёлларнинг малакасини ошириш, касбга йўналтириш, қайта ўқитиш, хавфсиз меҳнат шароитини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, касаба уюшмалари томонидан турли ҳудудларнинг энг чекка туманларида хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилиб, улар бандлиги таъминланмоқда. Тизимдаги санаторийларда хотин-қизлар имтиёзли асосларда ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамламоқдалар. Уларнинг фарзандлари эса энг сўлим оромгоҳларда соғломлаштирилмоқда.
Ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган ва қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган аёлларнинг уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш масаласи ҳам бугун касаба уюшмаларининг диққат марказида бўлмоқда. Худди шу мақсадда қишлоқ аёллари маиший техника жиҳозлари билан таъминланмоқда. Мустаҳкам оила йилида ана шундай аёллардан 184 нафари касаба уюшмалари томонидан 130 млн. сўмлик электр маиший техника жиҳозлари (кир ювиш машинаси, микро-тўлқинли печь, музлаткич) билан таъминланган бўлса, Соғлом бола йилида яна 1000 нафар хотин-қизнинг уй юмушларини енгиллаштириб, зарурий маиший техника билан таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, кам таъминланган, кўп болали оилалардан бўлган 400 нафар хотин-қизнинг касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар билан таъминланиши, хотин-қизлар учун жамоа шартномалари орқали мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига уюштирилаётган саёҳатлар кўламини кенгайтириш кўзда тутилган.
Бугун касаба уюшмалари тизимида турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган илғор ва фаол хотин-қизларни байрамлар, шу жумладан, касб байрамлари арафасида рағбатлантириш яхши анъанага айланган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 8 Март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ташкил этилган “Аёлни қадрлаш – миллатни қадрлашдир” мавзуидаги маданий-маърифий тадбирга ҳам Ватанимиз тараққиёти, турмушимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган хотин-қизлар, шунингдек фахрий аёллар таклиф этилдилар.
Тадбирда Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояталаб оила вакиллари бўлган 50 нафар аёлга касаба уюшмалари тизимидаги “Умид гулшани” санатоийсига бепул йўлланмалар топширилди. Хотин-қизлар учун санъат усталари иштирокида намойиш этилган концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати