[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.07.2013. Жорий йилнинг 23 июл куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати йиғилиши бўлиб ўтди. Уни ЎзКУФК раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Дастлаб Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси ташкилотларининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлари таҳлил қилинди. Таъкидландики, тармоқ касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида ўрнатилган ижтимоий шериклик орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда муайян муваффақиятларга эришилди. Хусусан, қатор корхоналарда жамоа шартномалари асосида ходимларга узайтирилган ва қўшимча таътиллар бериш, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар учун 1 соатга қисқартирилган иш куни белгилаш, тегишли ҳолларда ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилларини ҳомиладорликнинг олтинчи ойидан бериш, сафарбарлик чақируви заҳирасидаги ходимларга ҳарбий чақирув даврида 6 ой муддатга кредит ажратиш жорий этилган. Ишловчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, соғломлаштириш ишлари ҳам тармоқ касаба уюшмаси диққат марказида бўлмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси корхоналарида ходимларга намунавий уйлар қуриш, истеъмол товарлари харид қилиш учун фоизсиз кредитлар бериш, Турин политехника институтида пулли-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларнинг шартнома пулларини ўтказиб бериш, стационар даволаниш ва жарроҳлик операциялари учун тўловларни амалга ошириш йўналишларидаги ишлар ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, «Ўзметкомбинат» очиқ акциядорлик жамияти, «Самарқанд автомобил заводи» масъулияти чекланган жамияти, «Уз Коджи», «Уз Часис» МЧЖ қўшма корхоналарида ҳам маъмурият ва касаба уюшмаси ҳамкорлигида фаолиятнинг устувор йўналишларида ибратли ишлар амалга оширилаётганлиги диққатга сазовордир.
Шу билан бирга, тармоқ касаба уюшма ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятида учраётган айрим камчиликлар тилга олиниб, уларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар мажмуи ижросини таъминлаш масаласи асосий вазифалардан бири сифатида қўйилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала «Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди. Бу борада жорий йилнинг 6 ойи давомида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Дастурда белгиланганидек, мамлакатда барқарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазаси, жамият фаровонлиги ва тараққиёти изчил ўсишини таъминлашда касаба уюшмалари ҳам бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга фаол иштирок этмоқдалар.
Аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояталаб ва кам таъминланган оилаларни манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида янги иш ўринлари яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 6 ойи давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларида 150 га яқин янги иш ўриннлари яратилди. Жумладан, Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши қошидаги «Мустаҳкам олмос» шўъба корхонасида кредит ҳисобига 30 та, аҳолига сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида Жиззах вилоятида 9 та, Наманган вилоятида 25 та, Самарқанд вилоятида 7 та, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан 2 та, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан «Акфа» ром эшик ясаш ва тикувчилик цехи ташкил этиш орқали 20 та, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан новвойхона ва тиш протезлаш соҳасида 2 та, «Зомин», «Чинобод» санаторийларида 4 та ва «Бакард Азиа» масъулияти чекланган жамиятида 2 та янги иш ўрни яратилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимларга тизимли равишда ижтимоий кўмак берилди. Жумладан, 48502 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига 5 млрд. 896 млн. 200 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун янги оила қурган ёшларга фоизсиз ссудалар бериш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларга шартнома пуллари қопланиши ҳам касаба уюшмалари диқат марказида бўлиб келмоқда.
14 та ҳудудий бирлашма ҳамда 2 та тармоқ касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга 27090 нафар кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар учун саёҳатлар ташкил этилди. Наврўз байрами муносабати билан республикадаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган 23156 нафар эҳтиёжманд, ёлғиз оилалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийларига жами 820 млн. 300 минг сўмлик турли кўринишдаги моддий кўмак кўрсатилди. Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб «Касаба уюшмалари – фахрийларга» акцияси ташкил этилди ва акция доирасида иккинчи жаҳон уруши ҳамда меҳнат фахрийлари, жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар), хизмат даврида ҳалок бўлганлар оилаларига, «Саховат» уйларига касаба уюшмалари томонидан жами 1 млрд. 170 млн. 600 минг сўмлик ёрдам берилди. «Ҳар бир инсон – меҳр-эътибор оғушида» чора-тадбирлар мажмуи доирасида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 3 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда «Энг обод маҳалла», «Энг намунали томорқа», «Энг саранжом хонадон» кўрик-танловлари ташкил этилмоқда. Хусусан, тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгашлари томонидан Сурхондарё, Андижон вилоятларида, Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Вобкент, Шофиркон, Жондор ва Когон туманларида фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда шундай кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолиблар совғалар билан тақдирланди. «Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси» кўрик-танловининг ҳудудий ва республика босқичларини ўтказишда ҳам  ҳамкорликда иш олиб борилди.
Аёлларнинг оила ва жамиятдаги мақомини ошириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратишга касаба уюшмалари алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти(ОБСЕ)нинг ҳамкорликдаги лойиҳаси асосида «Умид гулшани» санаторийсида тикувчилик цехи ташкил этилди ва бугунги кунда 10 нафар хотин-қиз учун иш ўрни яратилди.
Йиғилишда «2013 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумининг бориши тўғрисида»ги масала ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда соғломлаштириш мавсумини намунали ўтказиш мақсадида Федерация Кенгаши ва аъзо ташкилотларда тезкор штаблар шакллантирилди. Тегишли вазирлик ва идоралар, хўжалик органлари билан ҳамкорликда оромгоҳларни мавсумга тўлиқ тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари заҳираларини шакллантириш, тиббий дори-дармон воситалари билан таъминлаш, педагогик, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш ходимларини танлаш ҳамда тайёрлаш, оромгоҳларни сифатли таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди.
Йиғилишда 210 та стационар оромгоҳда 141 минг 447 нафар, шунингдек, 790 та мактаб ва касб-ҳунар коллежида ташкил этилган кундузги оромгоҳда 128 минг 928 нафар боланинг мазмунли дам олиши ва соғломлаштирилиши Республика мувофиқлаштирувчи гуруҳининг доимий диққат марказида эканлиги алоҳида таъкидланди. Болаларнинг кўнгилли дам олишини таъминлаш борасида оромгоҳлар 18 минг 969 нафардан зиёд малакали педагог кадрлар, спорт йўриқчилари, тўгарак раҳбарлари, маданият ва бошқа соҳа ходимлари билан тўлиқ таъминланганлиги қайд этилди. Турли тўгараклар билан бир қаторда, ҳар бир оромгоҳда чет тилларини ўргатиш бўйича махсус тўгараклар фаолияти ташкил этилди. Шунингдек, оромгоҳларга 1 минг 135 нафар тиббиёт, 1 минг 397 нафар ички ишлар идоралари ходимлари, 5 минг 307 нафар «Маҳалла посбони», 49 нафар «Чегара посбони» ва бошқа жамоат тузилмаларининг 2 минг 886 нафар фаоли бириктирилди.
«Обод турмуш йили» Давлат дастурига мувофиқ соғломлаштириш мавсумининг ўтган даври мобайнида Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги энг сўлим ва баҳаво болалар оромгоҳларида 3 минг 670 нафар Оролбўйи болалари, «Меҳрибонлик» уйларининг 1 минг 635 нафар тарбияланувчиси, «Қуёшли» оромгоҳида республика билимлар танловлари, фан олимпиадаларида ғолиб чиққан 522 нафар иқтидорли, 30 нафар ногирон болалар бепул дам олдирилди.
Ўтган давр мобайнида жамоа шартномалари орқали эҳтиёжманд оилаларнинг 24 минг нафар фарзанди имтиёзли ва бепул соғломлаштирилди. Бугунги кунда 15 та интеллектуал ривожлантириш, 51 та меҳнат ва дам олиш, 1 та ҳарбий-спорт, 3 та ўлкашунослик, 5 та экологик-биологик, 5 та техник ижодкорлик, 8 ижтимоий мослашув йўналишларидаги ихтисослашган оромгоҳлар фаолият юритмоқда ва уларда 6 минг 367 нафар бола ҳордиқ чиқармоқда. Шунингдек, жорий йилда 15-18 ёшли ўсмирлар учун жойларда «Меҳнат ва дам олдириш» оромгоҳи ташкил этилиб, 2641 нафар ўсмирга дастлабки ижтимоий фойдали меҳнат кўникмаларини бериш билан биргаликда, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари таъминланди.
Федерация Кенгашининг ташаббуси билан ёзги соғломлаштириш мавсумида барча оромгоҳларда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон» шиори остида «Касаба уюшмалари — болаларга» акцияси ўтказилмоқда. Дам олдиришнинг 1-3 навбатларида оромгоҳларда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси, Маданият ва спорт ишлари бошқармалари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда 15 мингдан зиёд тадбир, концерт дастурлари, расмлар танловлари, викториналар, суҳбатлар, спорт мусобақалари, таниқли ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар ўтказилди. Уларда қарийб 200 минг болажонлар иштирок этдилар.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, ҳудудий бирлашмалар, шунингдек, корхоналар касаба уюшма қўмиталари хўжалик органлари билан биргаликда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини таъмирлаш, моддий-техник базасини бойитиш, қўшимча маблағлар ажратиш, болалар билан тарбиявий ишларни ташкиллаштириш бўйича кўплаб ишларни амалга оширдилар. Жумладан, жорий йилда Федерация Кенгашининг тизимдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш, режали таъмирлаш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун бугунги кунгача сарфлаган маблағи 8 млрд. 593 млн. сўмдан ошиб кетди.
Нодавлат сектори корхона, ташкилотларини касаба уюшмаларига жалб этиш соҳасида 2013 йилнинг 1-ярим йиллигида аъзо ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳам йиғилиш қатнашчилари диққат марказидан жой олди. Биринчи ярим йиллик давомида нодавлат секторида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида мазкур тизимдаги хўжалик субъектларида касаба уюшма ташкилотларини тузиш, ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига жалб этиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан, янги ташкил этилган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ўртасида касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини тарғибот-ташвиқот қилиш ишлари олиб борилди. Натижада жорий йилнинг олти ойида республика бўйича жами 1 минг 735 та касаба уюшмаси ташкилоти тузилиб, 28 минг 770 нафар ишчи-ходим аъзоликка жалб этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан касаба уюшмалари хизматига олинган корхона ва ташкилотлар сони 139 фоизга, аъзоликка жалб этилган ходимлар сони эса 109 фоизга ортганини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Раёсат йиғилишида «Фарғона вилоятидаги касаба уюшма ташкилотларида меҳнаткашлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи, маданий-маърифий ва спорт йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масала атрофлича муҳокама этилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда ҳудуддаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан мустақиллик берган имкониятлар, тинч ва осойишта ҳаёт қадрини тарғиб этувчи мавзуларда таниқли фан ва санъат намояндалари, вилоятнинг таниқли инсонлари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Меҳнаткашлар, айниқса, ёшларга маънавий ва ахлоқий тубанликка олиб келувчи «оммавий маданият» оқибатлари ва унга қарши курашиш йўлларини тушунтириш, зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. «Касаба уюшмалари – болаларга», «Касаба уюшмалари – ҳарбийларга», «Хотира – абадий, жасорат – мангу» каби акцияларни ўтказиш йўлга қўйилган.
Вилоятдаги 3300 га яқин корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилган «Маънавият соатлари»да мутахассислар томонидан 360 мингдан зиёд ишчи-ходим ва ёшларга бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамияти тушунтирилди.
1554 та бошланғич ташкилотда ташкил этилган «Спорт – саломатлик гарови» мусобақаларида 49 мингдан ортиқ ишчи-ходим қатнашди. Шунингдек, «Соғлом оила – жамият таянчи» шиори остида мусобақалар, «Саломатлик» спартакиадаси, ҳаваскор велоспортчилар ўртасида веломарафон ўтказилди.
«Аъзо ташкилотлар веб-сайтлари таҳлили ҳамда уларда берилаётган материалларнинг долзарблиги ва сифати тўғрисида»га масала муҳокамасида эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2013 йилга белгиланган устувор вазифаларидан бири бўлган, тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кенг жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўналишидаги ишларни кучайтириш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
Мазкур йўналишлардаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Федерация Кенгашининг Интернет тармоғидаги Портали тегишли талаблар даражасида янгиланиб, ахборотларнинг мавзу жиҳатдан қамрови кенгайтирилганлиги, материаллар мазмуни стилистик, грамматик ва орфографик жиҳатдан веб-мақолалар тайёрлашнинг стандарт талабларига мувофиқлаштирилганлиги қайд этилди. Федерация Кенгашининг жамоатчилик билан алоқалари ривожлантирилиб, Интернет тармоғида барча аъзо ва тасарруфдаги ташкилотлар Веб-сайтлари яратилганлиги аҳолининг касаба уюшмалари фаолияти тўғрисидаги ахборот ва маълумотлардан хабардор бўлиш имконини янада кенгайтирганига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан биргаликда аъзо ташкилотлар веб-сайтларини такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
«Санъатим сенга, обод юртим!» бадиий ҳаваскорлик ижодиёти бўйича кўрик-танловининг республика босқичини ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам йиғилиш иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама этилди. Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2013 йил 14 февралдаги қарори билан тасдиқланган Низом асосида жорий йилнинг март-июн ойларида меҳнаткашлар ўртасида «Санъатим сенга, обод юртим!» бадиий ҳаваскорлик ижодиёти бўйича кўрик-танлов бошланғич ташкилотлар, туман ва шаҳарлар, вилоятларда ўтказилди. Ходимлар ўртасида бадиий ҳаваскорликни ривожлантириш, иқтидорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ҳаваскор санъаткорларнинг ижодини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилаётган ушбу тадбирда ишчи-ходимлардан иборат 135 мингдан зиёд ҳаваскор иштирок этди. Касаба уюшмалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ташкилотлари бирлашмалари, Авиаходимлар ҳамда Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари Марказий кенгашлари томонидан ташкил этилган кўрик-танловларда ғолиб бўлган 207 нафар турли касб эгаси республика босқичига йўлланма олди.
Шуларни инобатга олган ҳолда йиғилишда ушбу кўрик-танловнинг республика босқичи 2013 йилнинг 13-14 август кунлари Тошкент шаҳридаги «Туркистон» саройида ўтказилиши ҳамда унга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Раёсат йиғилишида касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Word шаклида юклаш