[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.03.2024. Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий  масалалар  бўйича 2023-2025 йиллар учун Бош жамоа келишувининг 2023 йилдаги ижроси кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, Бош жамоа келишувининг 2023 йилга мўлжалланган тадбирларини бажариш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

  1. Иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш.

Ҳукумат, иш берувчилар ташкилотлари ва касаба уюшмалари (яъни, Ижтимоий шериклар) томонидан 2023 йил давомида иқтисодиётнинг реал секторини жадал ривожлантириш, саноатни ва ташқи савдони диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, тайёр маҳсулот экспортини рағбатлантириш билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш чораларини жорий этиш ҳисобига милий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ва барқарорлигини оширишга доир ишлар ҳамкорликда олиб борилди.

2023 йилда Ўзбекистоннинг Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 1 квадриллион 66,5 трлн. сўмни ташкил этди ва аввалги йилга нисбатан 6 фоизга ўсди.

Хусусан, саноат тармоғининг ўсиши 6 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг ўсиши 4,1 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасининг ўсиши 6,8  фоизни ташкил этди, қурилиш соҳаси 6,4 фоизга, соф солиқлар миқдори 7,4 фоизга ўсди.

Деҳқончиликда, 3 700 минг тонна пахта (106%) 8 531 минг тонна дон (106,8 %), 11 742 минг тонна сабзавот (105,2 %), 3 714 минг тонна картошка (107,9 %), 2 567 минг тонна полиз (106,0%), 3 148 минг тонна мева ва резаворлар (105,5 %), 1 681 минг тонна узум (95,5 %) ҳамда чорвачиликда 2 837 минг тонна гўшт (104,2 %), 12 052 минг тонна сут (104,0 %), 8 785 млн. дона тухум (108,1 %) ишлаб чиқарилди.

2023 йил якуни ҳолатига IT-Park резидентларининг экспорт ҳажми 305 млн. долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошди.

АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача курси бўйича ҳисобланган ЯИМ ҳажми 90 млрд. 841 млн. долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 10  млрд. 457 млн. долларга кўпдир.

Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ҳажми 29,3 млн. сўмга ёки 2 494 долларга етди, яъни аввалги йилга нисбатан 9,4 фоизга ошди.

Мамлакатдаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида қатор ижобий натижаларга эришилди.  Хусусан, олий таълим соҳасида 4 130 ўринли ўқув бинолари ҳамда 1 150 ўринли ётоқхоналар, умумтаълим мактаблари соҳасида 130 мингдан ортиқ ўқув ўринлари, мактабгача таълим соҳасида 26 мингга яқин ўрин фойдаланишга топширилди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида 15 та объект, 310 ўринли ўқув бинолари ҳамда 600 ўринли ётоқхоналар фойдаланишга топширилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида 5 мингдан ошиқ ўринли ҳамда 5 мингга яқин қатновли тиббий ва тиббий-ижтимоий муассасалар фойдаланишга топширилди. 1 647 км ичимлик ва оқова сув тармоғи барпо этилди, барча дастурлар доирасида 11,6 минг км узунликдаги йўллар таъмирланди.

Аҳоли даромадлари ва инфляция. Дастлабки маълумотларга кўра 2023 йилда Ўзбекистон Республикасида ахолининг ялпи даромадлари 728 800 млрд. сўмни ташкил этган. Шундан ёлланма ходимлар даромадлари 216 453,6 млрд. сўм (29,7 %) ва мустақил равишда банд бўлган ахоли даромадлари 249 978,4 млрд. сўм (34,3 %)ни ташкил этмоқда. Аҳоли умумий даромадлари 15 фоизга ошиб, пул ўтказмалари 11,4 млрд. долларни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 20 015,9 минг сўмни ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 112,6 фоизга тенг бўлди. Аҳоли даромадлари таркибида бирламчи даромадлар 73,3 фоизни (шу жумладан, ишлаб чиқаришдан олинган даромадлар 70,5 фоизни, мол-мулкдан олинган даромадлар 2,8 фоизни), трансфертлардан олинган даромадлар 26,7 фоизни ташкил этди.

Аҳоли даромадлари асосан, ўртача ҳисобланган ойлик иш ҳақи миқдорининг 17,2 фоизга ва иқтисодиёт тармоқларининг қўшилган қийматининг 5,9 фоизга ўсиши ҳамда пул ўтказмалари ҳажми ўсиши базавий тренд доирасида қолиши ҳисобига эришилди.

Бу ўз навбатида чакана савдо айланмасини ўтган йилга нисбатан 9,1 фоизга ошишига олиб келди.

2023 йилда инфляция даражаси оҳирги йиллар ичида илк бор 10 фоиздан кам миқдорда, прогноз доирасига нисбатан ижобий тенденцияларни сақлаган ҳолда 8,8 фоизни ташкил қилди.

Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 9,7 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса ўртача 7,7 фоизга қимматлашган. Йиллик ҳисобда буғдой уни ва кунгабоқар ёғи нархларида пасайиш кузатилган бўлса, гуруч (38,7 фоиз), мол ва қўй гўшти (9,3 фоиз), тухум (11,7 фоиз) ва шакар (11 фоиз) қимматлаган.

Бош жамоа келишувида меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини ошириш, ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туриш кўзда тутилган бўлсада, ҳисобот даврида  ялпи ички маҳсулот таркибида, ёлланма ходимлар даромадлари улуши 20,3 фоизни, мустақил равишда банд бўлган ахоли даромадлари улуши эса – 23,4 фоизни ташкил этди.

  1. Норма ижодкорлиги ишларида иштирок этиш.

Ижтимоий шерикларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги фаолияти мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва  бандлик вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси томонидан 2023 йилда меҳнат соҳасига даҳлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ишларида фаол иштирок этилиб, 150 та норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва таклифлар берилди, янги Меҳнат кодексини амалиётда қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 95, 102, 131, 132, 155, 156, 173, 175, 177, 183, 190-сонли конвенцияларини миллий ҳуқуқий тизимга имплементация қилиш имкониятлари ўрганиб чиқилди, тегишли ҳулосалар мутасадди ташкилотларга берилди ҳамда ратификацияни илгари суриш юзасидан эшитувлар ва давра суҳбатлари  ўтказилди.

III. Меҳнатга ҳақ тўлаш, даромадлар ва аҳолининг турмуш даражаси.

Ҳукумат, иш берувчилар ташкилотлари ва касаба уюшмалари ўртасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Республика бўйича 13 та тармоқ жамоа келишувларида тармоқ тариф сеткалари, 19 915 та ташкилотда локал тариф сеткалари жорий қилиниши натижасида 890 417 нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан бундай ташкилотлар сони 1 104 тага кўпайди.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига риоя этилиши, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари касаба уюшмаси қўмиталари билан келишувга биноан белгиланиши, иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган ушлаб қолишларга йўл қўйилмаслиги устидан давлат ва жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Хусусан, 2023 йил давомида 8 293 та ташкилотда иш берувчилар томонидан кафолатланган энг кам иш ҳақи миқдорига риоя этилиши ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4939-сон Қарори асосида касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг меҳнатига малака даражасини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи тўланилиши устидан тизимли жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Мазкур йўналишда касаба уюшмалари томонидан 3 768 та ташкилотда 359 740 нафар ходимга тўланаётган иш ҳақи уларнинг малака даражасига мувофиқлиги бўйича мониторинглар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида 27 та ҳолатда 1 133 нафар ходимга иш ҳақи уларнинг малака даражасига мувофиқ тўланмаганлиги аниқланди ва улар фойдасига 1,6 млрд. сўм тўлаб берилишига эришилди.

  1. Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш.

Норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш ишларини жадаллаштириш борасида 2023 йилда республика бўйича доимий иш ўринларида 2 миллион 361 минг, мавсумий ва вақтинчалик ишларда 2 млн. 580 минг, норасмий иш ўринларини легаллаштириш ҳисобига 824 минг нафар аҳоли банд қилинган. Туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан эса 625,8 минг ишсиз фуқароларга бандлик хизматлари кўрсатилган.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг услубиёти бўйича ҳисоблаб чиқилган умумий ишсизлик иқтисодий фаол аҳолининг 8,8 фоизни ташкил этди.

2023 йил давомида 8,6 мингта ташкилот томонидан тақдим этилган 37,7 мингта буюртмаларга асосан 112,8 минг нафар банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ва уларнинг иш ҳақи учун 132,3 млрд. сўм маблағ Жамоат ишлари жамғармасидан молиялаштирилди.

2023 йилда 425 минг 400 нафар иш билан банд бўлмаган ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш бўйича хизматлар кўрсатилди.

2023 йил мобайнида 144,3 минг фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 75 дан ортиқ касб-ҳунарга ўқитиш учун юборилган, уларнинг 112,7 минг нафари (78,1%) аёллар ва 66,4 минг нафари (46%) ёшларни ташкил этди.

Ўқишга юборилган шахслардан ҳисобот даврида 101,4 минг нафари ўқишни тамомлаган бўлиб, уларнинг 85,1 минг нафари бандлиги таъминланган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси асосида ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида субсидия ажратиш механизми жорий этилган.

Жамоатчилик назорати тартибида касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан 104 та туман ва 26 та шаҳарда норасмий бандлик ва ҳақ тўланадиган жамоат ишлари мониторинги мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Мониторинг жараёнида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган 91 минг 176 нафар ишсиз фуқаро билан муддатли меҳнат шартномалари тузилганлиги, улар меҳнат муҳофазаси қоидалари билан таништирилиб, кириш йўриқномасидан ўтказилганлиги, уларнинг иш соатлари ҳафтасига 40 соатдан ортиқ эмаслиги, улар зарурий асбоб-ускуна ва ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги, уларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақ республикада белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам эмаслиги аниқланди.

Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ташкил этилган корхоналарда яратиладиган иш ўринларининг 7 фоиздан кам бўлмаган миқдорини захира қилиб қўйиш орқали касаба уюшмалари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмалари асосида ушбу иш ўринларига иш топишда қийналаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиб келинмоқда. Эркин иқтисодий зоналарнинг аксариятида касаба уюшмалари тақдим этган рўйхатга асосан 800 нафарга яқин кам таъминланган фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Аҳолини вакант иш ўринларига ишга жойлаштириш мақсадида Республика бўйича 2023 йилда 2,5 мингта бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди. Ушбу ярмаркаларда 6,7 мингта ташкилот 53,6 мингта бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Ярмаркаларда 148,1 минг нафар фуқаро иштирок этиб, улардан 47,4 минг нафари ташкилотлардаги бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштирилди, 17,2 минг нафари касбга ўқитиш курсларига юборилди, 8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 75,5 минг нафар фуқарога ишга жойлашиш, меҳнат ҳуқуқи ва муҳофазаси бўйича маслаҳатлар берилди.

  1. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва ҳуқуқий ҳимоя

Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2023 йилда жами аниқланган қонунбузилишлар сони 11 минг 302 тани ташкил этади. Мазкур қонунбузилишларга йўл қўйган 1 минг 315 нафар масъул мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ходимларга иш жараёнида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишининг ҳуқуқий асосларини таъминлаш борасида иқтисодиётнинг турли соҳаларига оид 70 дан ортиқ меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2023 йилда касаба уюшмалари инспекциялари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ишлари янада кучайтирилди.

Аҳоли билан қайта алоқа механизми каналлари орқали йил мобайнида касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан умумий 4 834 та мурожаат келиб тушди, улардан 2012 таси ёзма, 656 таси оғзаки ва 1590 таси интернет тармоғи орқали электрон шаклдаги мурожаатлардир, “Ишонч телефонлари” орқали 576 та мурожаат қайд этилди.

Касаба уюшмаларида кўриб чиқилган мурожаатларнинг 1 302 таси қаноатлантирилди, 2 450 та мурожаатлар бўйича муаллифларга тушунтириш берилди.

Ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаб судларга киритилган жами 56 та даъво ва буйруқ тартибидаги аризалардан 45 тасининг талаблари қаноатлантирилган, 4 та даъво аризаси рад этилган, 7 та ҳолатда иш берувчилар ихтиёри билан ходимнинг ҳуқуқлари тикланганлиги сабабли даъводан воз кечилиб, тарафлар ўртасида келишув битимлари тузилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 3 минг 410   нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 26 млрд. 30 млн. 824 минг сўм зарар ундирилишига эришилган.

  1. Ижтимоий кафолатлар, ижтимоий ҳимоя

Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”ни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” бажарилишида ижтимоий шериклар  фаол иштирок этдилар.

Давлат дастури доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2023 йил давомида 196 минг 110 нафар фуқаро ва 83 минг 764 та оилага 191 млрд. 902,9 млн. сўмлик турли кўринишдаги ижтимоий кўмак берилди.

Пахта йиғим-терими мавсуми давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ва Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вакиллари иштирокида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан мониторинг олиб борилди.

Кексалар ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш мақсадида республикадаги “Саҳоват”, “Мурувват” уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, 332 млн. 600 минг сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Ўзбекистон     Республикаси     Вазирлар    Маҳкамасининг   2021 йил 20 апрелдаги “Давлат маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолига берилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 225-сон Қарорига асосан, синов тариқасида республикамизнинг 28 та туман ва шаҳарларида Давлат маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолига берилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш мақсадида 2023 йилда субсидиялар ёки имтиёзли кредитларни олувчи 6 170 нафар шахс билан 25,4 млн. сўмлик ижтимоий шартнома имзоланди.

VII. Маданий-маърифий ишлар, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш.

2023 йилги ёз мавсуми даврида 1 минг 118 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият кўрсатди ва уларда 331 минг 711 нафар бола соғломлаштирилди. Шундан, 196 та стационар турдаги оромгоҳларда 157 минг 793 нафар ва 922 та соғломлаштириш майдончаларида 173 минг 918 нафар бола дам олдирилди.

Мавсум давомида стационар турдаги оромгоҳларда 7 минг 686 нафардан ортиқ Меҳрибонлик уйлари ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳамда кам таъминланган ва меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг фарзандлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, касаба уюшмалари, иш берувчилар, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан оромгоҳларда бепул соғломлаштирилди.

Шунингдек, Халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида Тожикистонлик 50 нафар ўғил-қизлар “Товул” оромгоҳида (Фарғона вилояти), Қирғизистонлик 50 нафар болалар “Тонг” оромгоҳида (Фарғона вилояти) дам олдилар.

Қорақалпоғистон Республикасидан 3 минг нафар ҳамда Хоразм вилоятидан 1,5 минг нафар болалар ўз ҳудудларининг энг яхши стационар турдаги оромгоҳларида бепул соғломлаштирилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийларда 7 591  нафар ишлаётган пенсионер ҳамда касаба уюшмаси аъзоларининг пенсионер ота-оналари имтиёзли равишда соғломлаштирилди.

Ишлайдиган кексалардан 310 нафари, кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи оилаларнинг 222 нафар аёллари, фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг 225 нафар ишлайдиган аъзолари, тиббиёт муассасалари ходимларидан 131 нафари, таълим ходимларидан 2 минг 116 нафари, “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалардан 77 нафари, профилактика инспекторларидан 197 нафари бепул соғломлаштирилди.

Касаба уюшмалари томонидан Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғида ва Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида санаторий, “Хонқа санаторийси”да қўшимча ётоқ биноси, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида талабалар ётоқхонаси, “Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси”да сузиш ҳавзаси, Бухоро вилоятида болалар соғломлаштириш оромгоҳи қуриш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!” дастури доирасида, Жамоа шартномалари ва тармоқ келишувларига киритиш орқали жами 267 минг 366 нафар меҳнаткаш ва оила аъзоларининг мамлакатимиздаги тарихий шаҳарларга ҳамда ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор жойларга саёҳатларини ташкил этишга иш берувчи ва касаба уюшмаси маблағларидан жами 71 млрд. 900 млн. 700 минг сўм сарфланди.

Умуман, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!” дастури доирасида 2023 йилда 20,6 млн. ички сайёҳлар ташрифи амалга оширилди. Республикага ташриф буюрадиган хорижий туристлар сони 6,627 миллион нафарга етди.

129 минг 475 нафар ходимнинг концерт, театр, кинотеатр, музейларга ташрифи ташкил этилди. Ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 8 млрд. 144 млн. 900 минг сўм йўналтирилди.

Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўналишида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда мактаб ўқитувчилари ўртасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида Касаба уюшмалари кубоги спорт мусобақалари ўтказилди.

VIII. Аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатлар

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси масъуллигидаги Республика Ишчи гуруҳи томонидан 2023 йил давомида 6 та тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган 993 минг 807 нафар хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси қошида хотин-қизларнинг муаммолари бўйича тун-у кун фаолият юритадиган “1211-қисқа рақамли Ишонч телефони”га жами 26 минг 864 та мурожаат келиб тушди ва уларни ҳал этиш бўйича самарали тизим яратилди.

Жамоа шартномалари ва келишувларида қуйидагилар назарда тутилиши таъминланмоқда:

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мажбуриятларини ташкилотларнинг ва улар таркибий бўлинмаларининг ваколатли шахси зиммасига юклатиш;

ишга қабул қилиш ва хизмат бўйича кўтаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш;

хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатига ҳақ тўлашда нотенгликни бартараф этиш.

Халқаро меҳнат ташкилотининг 100-сонли Конвенциясидан келиб чиққан ҳолда эркаклар ва хотин-қизларга тенг аҳамиятли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принципини амалда қўллаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тавсиясига биноан жамоа келишувлари ва жамоа шартномаларига махсус илова қўшиш амалиёти йўлга қўйилди.

Ёш касаба уюшмаси фаолларидан 14 нафарига тизимдаги санаторийларга йўлланма, Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 14 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабалар учун “Касаба уюшмалари стипендияси” ажратилди.

IХ. Ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш.

2023 йил давомида 19 минг 350 та корхона, ташкилотда янги касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, уларда меҳнат қилаётган 296 минг 732 нафар ходимнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқлари таъминланди.

Барча жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари янги Меҳнат кодекси ва 2023-2025 йиллар учун Бош жамоа келишуви талаблари асосида қайта кўриб чиқилиб, аксарияти янгидан қабул қилинди ва айримларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Барча жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари лойиҳалари тегишли касаба уюшмалари органлари томонидан жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди.

2023 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, иш берувчилар вакиллари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари билан бевосита очиқ мулоқот ва жамоатчилик эшитуви шаклида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуидаги Давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати натижасига кўра деярли барча соҳадаги меҳнаткашларнинг 50 дан ортиқ савол ва таклифларига тегишли вазирлик, идора, қўмита, агентлик ва ташкилотлар вакиллари томонидан жавоблар берилди, ҳал этилмаган масалалар бўйича келгусида ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувларга эришилди. 

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси котибияти