[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.05.2024. Жомбойда маҳаллий саноат ривожланмоқда. Тадбиркорларга яратилган қулай муҳит боис кўплаб замонавий корхоналар очилди. Тумандаги «JOMBOY YASHIL CHIROQLARI» МЧЖ фаолият бошлаганига кўп бўлмаса-да, ишлаб чиқариш салоҳияти билан назарга тушган корхоналардан бири. Эътиборли жиҳати, бу ерда 186 нафар кишининг бандлиги таъминланган.

Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси вакиллари корхонада бўлиб, жамоадаги шарт-шароитлар билан танишдилар. Мулоқот асносида ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш, таътилга чиқариш ва рағбатлантириш ўз фурсатида бажарилса-да, ходимларнинг ҳам, иш берувчининг ҳам мавжуд ҳолатдан кўнгли тўлмаётгани аёнлашди.

– Корхонамиз оёққа турди. Иқтисодий кўрсаткичларимиз ҳам чакки эмас, – деди жамоат ташкилоти вакиллари билан бўлган суҳбатда МЧЖ раҳбари Фаҳриддин
Жўраев. – Янада юксалишимиз одамларнинг меҳнатга бўлган муносабатига боғлиқ. Шу боис, уларнинг кўтаринки руҳда ишлаши, корхона ривожи учун жон куйдириши йўлида барча ишларни қилишга тайёрмиз.

Ходимлар билан мулоқотда касаба уюшма вакиллари уларга аъзоликнинг афзалликлари хусусида муфассал тушунча беришди. Жамоа шартномаси бандларида акс этадиган имтиёз ва кафолатлар очиқланди. Иш берувчи ва ходимлар шу куннинг ўзидаёқ касаба уюшмаларига аъзо бўлиш истагини билдиришди.

Замон тадбиркорининг зуваласи ўта пишиқ. Ҳамкорлик асосида ишлаш таклифини унча-мунчасининг қулоғига сингдириш осон эмас. Аммо тармоқ касаба уюшмаси ҳам бўш келаётгани йўқ. Тизимнинг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Бобир Алиев бошлиқ жамоа ҳар куни сафарда. Вакилларнинг галдаги сафари Ургут эркин иқтисодий зонасига бўлди.

Ўнлаб корхоналар бошқаруви, ходимлар билан мулоқот қилинди. Натижа ҳам ёмон эмас. Ҳудуддаги «Euro fiber textile», «Abdukarim maishiy servis» хусусий корхоналари, «Тorinjak», «Komunal qurilish BB», «Ahmad Akbarjon omad fayz» масъулияти чекланган жамиятларида бошланғич касаба уюшмаларига асос солинди. Тармоқ касаба уюшмаси аъзолар сони сўнгги ойнинг ўзида 800 нафарга кўпайди.

Нурилла Шамсиев