02.05.2024. “Фейсбук” ижтимоий тармоғида “Чимён” санаторийси тўғрисида жойлаштирилган пост бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
“Чимён” санаторийсида ҳақиқатдан ҳам 2024 йилнинг 22 апрел куни “Чимён санаторийси” МЧЖ таъсисчиларининг 2023 йилдаги ҳисоботига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 152 нафар ишчи-ходим қатнашган мазкур йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилиш кун тартибига қўйилган “Чимён санаторийси” МЧЖнинг 2023 йилдаги молиявий-иқтисодий, хўжалик фаолияти тўғрисидаги масала юзасидан директор Д.Раҳмонов хисобот берди.
Ҳисоботдан сўнг санаторийда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга охирги 6 ой давомида бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани, камчиликларни бартараф этиш баробарида Санатор-курортлар бошқармаси томонидан “Чимён” санаторийси маъмурияти ходимларига тегишли интизомий жазо чоралари кўрилгани ҳам айтиб ўтилди.
Йиғилиш жараёнидаги муҳокамаларда санаторий директори ўринбосари А.Ашуров, юрист Қ.Мақсудов, бош бухгалтер З.Юсувалиева, ходимлардан Д.Ғаниева, С.Сотқинова, И.Умарова, М.Азхўжаева ва бошқалар танқидлардан ва кўрилган чоралардан тегишли хулоса қилганлари маълум қилинди.
Шунингдек, бугунги кунда аввалги камчиликларнинг аксарияти бартараф этилгани, айниқса, ошхона хизмати фаолияти тубдан ўзгартирилгани, ошхонадаги официанткалар хизматидан дам олувчилар жуда миннатдорлиги қайд этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, йиғилишда ташкилий масала кўрилмаган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси “Чимён” санаторийсида дам олувчиларга кўрсатилаётган соғломлаштириш хизматларини жиддий назоратга олган ва санаторий фаолияти мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати