10.06.2024. Хоразм вилоятида 5 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолият кўрсатмоқда. Уларда биринчи навбатда 800 нафарга яқин ўғил-қиз дам олишни бошлади.
Сўлим гўшалардаги масканларнинг ҳар бир куни учун алоҳида дастур белгилангани болажонларнинг вақти кўнгилли ва мароқли ўтишига хизмат қилмоқда.
«Урганч» оромгоҳида «Заковат» интеллектуал клуби билан ҳамкорликда ташкил қилинган ўйинларда тўртта жамоа ўзаро куч синашди. «Билимдонлар» жамоаси 20 та саволнинг 17 тасига тўғри жавоб топиб, ғолибликни қўлга киритди. Ўйинлардан сўнг болалар оромгоҳ ҳовлисида тўпланишди. Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури фарзандларини кўриш учун келган ота-оналарга ҳам манзур бўлди.
– Ушбу оромгоҳда бир неча марта дам олганман, мактабни тамомлагач, маълум муддат ишлаганман. Бу даргоҳ барча болаларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга хизмат қилади, – дейди хонанда Севинч Исмоилова.
Оромгоҳда ташкил қилинган рассомчилик, тўқувчилик, китобхонлик, хорижий тилларни ўрганиш, спорт тўгаракларида машғулотлар қизғин давом этмоқда.
Муҳаббат Тўрабоева